Янги фармон билан тадбиркорларга қандай қулайликлар яратилди?

Олдин хабар қилинганидек, божхона ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги «Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ишлари қизғин давом этмоқда.
Хорижий тадбиркорлик субъектларига ҳам тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида «CHINA RAILWAY 20 BUREAU GROUP CORPORATION» корхонаси вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу корхона томонидан ҳозирги кунда ҳудудда дарё қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Корхона вакилларига фармонда белгиланган божхона маъмурчилигини соддалаштириш, ташқи савдо тартиб-таомилларини енгиллаштириш ва тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Хусусан, 2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни чегара ўтказиш пунктларига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун ундириладиган божхона йиғими миқдори 20 фоизга камайтирилиши ҳамда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмаслиги белгиланганлиги қайд этилди.
Шунингдек, 2026 йил 1 майдан бошлаб товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир туркум учун алоҳида тўлаш имконияти яратилиши ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Учрашув давомида амалий масалалар муҳокама қилиниб, мазкур қарордаги имтиёз ва афзалликлари тушунтирилиб, келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида давра суҳбати ҳам ўтказилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги