Суд мустақиллиги – адолат мезони

10

Бугунги кунда дунёда глобал хавф-хатарлар трансформация бўлаётган ғоят мураккаб шароитда ҳар бир давлат олдида, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, инсон учун муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш шароитларини яратиш вазифаси турибди. Ушбу стратегик муҳим мақсадларга эришишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилаган давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи – суд ҳокимияти муҳим аҳамиятга эга.

Албатта, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва одил судловнинг сифати кўп жиҳатдан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига бевосита боғлиқ. Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга доир аниқ кафолатлар белгиланган. Хусусан, БМТ томонидан 1985 йилда қабул қилинган Суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий принциплари 1-бандига мувофиқ, суд ҳокимияти мустақиллиги давлат томонидан кафолатланади ва давлатнинг Конституцияси ёки қонунларида мустаҳкамланади.

Шу асосда, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «судлар фаолиятига ҳар қандай аралашув одил судловга «соя солиш» ҳисобланади. Бу бўйича савол ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади.»

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, судьянинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.

Бу конституциявий қоидалар қонунларимизда янада тўлиқ мустаҳкамланган. Масалан, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг 67-моддасига кўра, судьяларнинг мустақиллиги – судьяларни қонунда белгиланган тартибда сайлаш, тайинлаш ва озод этиш, судьяларнинг дахлсизлиги, одил судловни амалга оширишда қатъий процессуал тартибларга риоя этиш, қарор қабул қилишда судьялар маслаҳатининг сир сақланиши ҳамда уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши, судга ҳурматсизлик қилганлик ёки муайян ишларни ҳал этишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши ҳамда судьяларга давлат ҳисобидан уларнинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот яратилиши кафолатлари орқали таъминланади.

Қонун нормалари талаблари бузилган тақдирда, қонунчиликда тегишли жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Хусусан, судга ҳурматсизлик қилгани учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180-моддасида, тергов ёки суд ишларини ҳал этишга аралашгани учун эса, Жиноят кодексининг 236-моддасида қатъий жавобгарлик белгиланган. Бу эса, суд ҳокимияти мустақиллигига оид кафолатларни янада мустаҳкамлайди.

Мухтасар айтганда, суд ҳокимиятининг мустақиллиги – одил судлов сифатини оширишнинг энг муҳим кафолатидир. Бу тамойил Конституция ва қонунларимизда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган. Суд ҳокимияти мустақиллигига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракат ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, қонун билан жавобгарликка сабаб бўлади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирор-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт.»

Азат Иматов,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги