Халқ депутатлари Мўйноқ тумани Кенгаши раиси сайланди

13

Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар қаторида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасига мувофиқ, бундан буён Халқ депутатлари Кенгашига ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланган раис раҳбарлик қилади. Ҳоким ва Кенгаш раиси лавозимларини бир шахс эгаллаши мумкин эмас. Бу тартиб 2024 йилда вилоятларда ва Тошкент шаҳрида жорий этилган, 2026 йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳар Кенгашларига татбиқ этилиши белгиланган.

Шу асосда, бугунги сессияда «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 163-моддасига мувофиқ, Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгаши раисини сайлов ўтказилди. Номзодлар сиёсий партиялар вакиллари томонидан тавсия этилди.

Очиқ-ошкора ва қонуний сайлов натижасида, депутат Абдижаббар Тлеуов Халқ депутатлари Мўйноқ тумани Кенгашининг раиси этиб сайланди.

Бу – маҳаллий вакиллик ҳокимиятида очиқлик, шаффофлик, барқарорлик ва масъулиятни кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир.

Сессия давомида туман ҳаётининг долзарб йўналишлари бўйича ҳисоботлар ва режалар муҳокама қилинди. Хусусан, 2025 йилда Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва 2026 йилга мўлжалланган режалар, «Аёллар дафтари»нинг олтинчи босқичи доирасида рўйхатга олинган хотин-қизларни белгиланган тартибда рўйхатдан чиқариш масалалари, маҳаллалар тизими, маънавий-маърифий соҳа ва давлат тили бўйича 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, 2026 йил учун маҳаллий бюджетнинг асосий кўрсаткичлари ва молиявий параметрларини тасдиқлаш, 2026 йилда Мўйноқ туманини комплекс ривожлантириш дастури масалалари кўриб чиқилиб, барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги