«Сиёсатдаги ёшлар» интеллектуал турнири ўтказилди

Қўнғирот туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан партия «Ёшлар қаноти» аъзолари, олий ўқув юртларининг талаба ёшлари ўртасида «Сиёсатдаги ёшлар» интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари М.Есенгелдиев очиб берди ва иштирокчиларни табриклади.
– Тадбирнинг асосий мақсади – ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларнинг жамият ҳаётида, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш, иқтидорли ва ташаббускор ёшларни аниқлашдан иборат, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши партия ғояларини тарғиб қилиш ва ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Нурлан Кишонов. – Интеллектуал мусобақа иштирокчилари «Тезкор савол-жавоб» ва «Сиёсий тезкор жавоб» шартларида ўз билимларини синовдан ўтказди.
Қизғин беллашувларга бой бўлган мусобақа якунида «Гранд» жамоаси биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Иккинчи ва учинчи ўринлар «Маданият» ва «Парламент» жамоаларига насиб этди.

Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тайёрланган диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси