Пойтахтимиз халқига яна бир янги йил совғаси

12

Нукус шаҳрида жамоат транспорти хизматини ривожлантириш мақсадида, «Sapsan Trans Nukus» корхонаси томонидан Хитой давлатидан 24 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан 12 электробус олиб келиш белгиланган бўлиб, дастлабки 4 электробус Нукус шаҳрига етиб келди.

– Бугун-эрта қолган 8 та электробус пойтахтимизга етиб келади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот котиби Зоҳида Қалжанова. – Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи билан Нукус шаҳрига жами 200 та автобус олиб келиниши белгиланган бўлиб, бугунги кунда корхоналар томонидан махсус автотранспортларни олиб келиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, «Sapsan Trans Nukus» корхонаси томонидан Нукус шаҳрида 200 автобус сиғимига эга автобус парки қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

Албатта, транспорт соҳасида рўй бераётган бундай янгиланиш ва ўзгаришлар халқимизнинг оғирини енгил қилиш ва уларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Ушбу янги келтирилган электробуслар транспорт соҳаси тарихида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолса ажаб эмас.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси