Мурожаатнома: “Тараққиёт блоки” олдида турган вазифалар белгилаб олинди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари аъзоларидан иборат “Тараққиёт блоки”нинг йиғилишида Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш, юртимиз равнақига хизмат қиладиган вазифаларни амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этиш, бу борада муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Кенгайтирилган йиғилишда Мурожаатномада белгилаб берилган 6 та устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастурида назарда тутиладиган вазифаларнинг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини янгидан қабул қилиш мақсадларига эришиш парламент зиммасига алоҳида масъулият юклаши қайд этилди.
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларга тўлиқ мос келишини таъкидлади. Шу боис, партия ва унинг фракцияси ушбу ислоҳотларни амалга оширишда, иқтисодиётни юксалтириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратиш йўлида масъулият билан фаолият олиб боришини айтиб ўтди.

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Мурожаатномада Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш бўйича олти устувор йўналиш Янги Ўзбекистон қудратини янада юксалтиришини таъкидлади. Унда парламент олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилгани айтилди.
Йиғилишда Мурожаатномада акс этган барча соҳалар ривожи йўлидаги чора-тадбирларга этибор қаратилар экан, уларнинг ижросини таъминлашда парламент ва жамоатчилик иштирокини кучайтириш муҳимлиги урғуланди.

Қайд этилганидек, Мурожаатномада адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши, айниқса, коррупцияга қарши кураш янада такомиллаштирилиши таъкидланди. Чунки бу иллат ривожланишга тўсиқ, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган жиноятдир. Зеро, Президентимиз “коррупцияга йўл қўйиш ислоҳотларимизга хиёнатдир”, дея бежиз таъкидламади. Шу боис, барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Бу эса депутатларга ҳам катта масъулият юклайди.
Депутатлар Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар партиялар сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар билан тўлиқ уйғун эканини қайд этиб, мазкур вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишини билдирди. Шундан келиб чиқиб, “Тараққиёт блоки” олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА