Ўзбекистон – Хитой: 2026 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокара давомида 2025 йилда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигининг якунлари сарҳисоб қилинди, шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар барқарор ривожланиб бораётгани қайд этилди. Мулоқот чоғида Хитой томони Ўзбекистон хитойлик инвесторлар учун қулай инвестиция муҳити мавжуд мамлакат сифатида баҳоланаётганини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон – Хитой учинчи минтақавий форумини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Форум ишида икки мамлакат ҳудудлари, вазирлик ва идоралар ҳамда бизнес доираларидан иборат минг нафардан зиёд вакил иштирок этиши, шунингдек, йирик инвестиция портфели шакллантирилиши режалаштирилмоқда.
Суҳбат якунида йирик хитой компаниялари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида махсус платформа яратиш ва унинг мунтазам фаолиятини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Б.Худойбердиев, ЎзА