Янги йилда янги боғча фойдаланишга топширилди

23

Тўрткўл тумани Отаюрт овул фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий 210 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти тўлиқ қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ушбу лойиҳа доирасида бино барча меъёрий талабларга мос тарзда янгиланди. Умумий 9 миллиард 9 миллион сўмга молиялаштирилган болалар боғчаси қурилишида «Voris China» МЧЖ қурувчилари жонбозлик кўрсатди.

– Янги болалар боғчаси барча шароитларга эга бўлиб, қиш мавсумида иссиқлик тармоғи, болалар учун қулай ўқув хоналари, ётоқхона, ошхона, ўйин майдончалари ва дам олиш масканларини ўз ичига олган, – дейди овул фуқароси Гулчеҳра Аҳмедова. – Янги боғчада болаларимизнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд.

Ташкилотни фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ота-оналар ва тарбиячилар иштирок этди. Сўзга чиққанлар қишлоқ аҳолисини янги иншоот билан самимий табриклади. Унинг жажжи авлод саводхонлигини ошириш йўлидаги аҳамиятига тўхталиб ўтди.

Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар икки қаватли бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги