Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида флора ва фаунани асраш: янги ёндашув ва амалий натижалар

25

Бугунги кунда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсатида устувор вазифалардан бирига айланмоқда. “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида табиий экотизимларни асраш, нодир ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан барқарор фойдаланишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Соҳадаги қабул қилинаётган ҳужжатлар ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни етиштиришга ихтисослашган питомниклар ва плантацияларни давлат ҳисобига олиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутади. Шунингдек, биологик хилма-хилликка оид яна қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилган.

Флора ва фауна объектларини ҳисобга олиш ва уларнинг ҳолатини баҳолаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мамлакат бўйлаб 80 та питомникнинг маълумотлари қайта кўриб чиқилди, 85 тур ҳайвон ҳамда 70 тур ўсимлик бўйича давлат реестри шакллантирилди.

Яшил ҳудудларни рақамлаштириш жараёнида 605 мингдан ортиқ дарахт электрон паспортга эга бўлиб, ягона ахборот тизимига киритилди. Бу эса табиий ресурслардан фойдаланиш устидан мониторингни самарали олиб бориш имконини бермоқда.

Амалий чора-тадбирлар доирасида нодир турларни табиий муҳитга қайта жойлаштириш ишлари ҳам бажарилди.

Хусусан, Қизил китобга киритилган ҳубора қушининг 4 мингдан ортиқ индивидуми ҳамда турли жинсга мансуб 150 та ҳайвон ёввойи табиат қўйнига қайтарилди. Шу билан бирга, 25 минг гектар ер майдонида доривор аҳамиятга эга ёввойи ўсимликларни етиштириш учун маданий плантациялар барпо этилди. Бу табиатга бўлган инсон босимини камайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро экологик майдондаги фаол иштироки Самарқанд шаҳрида ўтказилган CITES конвенцияси томонларининг 20-йиғилишида ҳам яққол намоён бўлди. Ушбу халқаро анжуман йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларни муҳофаза қилиш ва улар савдосини тартибга солиш бўйича глобал масалалар муҳокамаси учун муҳим платформага айланди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг навбатдаги — олтинчи нашрини тайёрлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Мутахассислар ва олимлар томонидан ўтказилаётган тадқиқотлар асосида айрим турларни рўйхатга киритиш ёки чиқариш бўйича илмий хулосалар тайёрланмоқда.

Умуман олганда, амалга оширилаётган ишлар биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда янги, тизимли ва узоқ муддатли ёндашув шаклланаётганини кўрсатади. “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасидаги бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг табиий бойликларини асраш ва экологик мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА