Сўнгги пушаймон  ―  ўзингга душман

35

Эгри йўл билан пул топиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини кўпчилик яхши билади. Айниқса, у ўғирлик йўли билан топилган дунё бўлса, бир кун келиб унга бунга жавоб беришга тўғри келади. Бироқ, биз сўз юритмоқчи бўлган йигитлар буни тушуниб етмаган кўринади.

Улуғбек (исми ўзгартирилган) ўзининг илгари бир неча марта судланганлигидан тегишли хулоса чиқармасдан, Азамат (исми ўзгартирилган) билан олдиндан жиноий тил бириктириб, ўзганинг мол-мулкини яширин тарзда талон-тарож қилиш ва шу йўл орқали осон моддий бойлик орттириш мақсадида, 2024 йил 22 июнь куни эрталабки соат 04:30ларда Нукус тумани ҳудудидаги мол бозорига келади. У ерда бир бош қорамолини сотиш учун келган, Чимбой тумани фуқароси Жолдаснинг (исми ўзгартирилиб олинди) ёнига бориб, олдиндан келишилган режага кўра Улуғбек уни гапга солиб турганида шериги Азамат ҳеч кимга билдирмасдан елкасига осилиб турган сумкасининг пастки қисмини ўткир қурол билан кесиб, 10 миллион сўмни бемалол ўзлаштириб олади.

«Ўрганган кўнгил, ўртанса қуймас» деганларидек, Улуғбек шериги Азамат билан мол бозорнинг ичидан навбатдаги ўлжани туширишга киришади. Мол бозор ҳудудида мол сотиб олиш учун келган Маҳмуднинг ёнига бориб, олдиндан келишилган режага мувофиқ унинг сумкасидан эпчиллик билан 20 миллион сўмга эгалик қилади.

Бироқ, бу ишнинг изи касодга учраб, воқеа жойидан яшириниш учун қочиб кетаётган вақтда тўхтатилиб, Маҳмуднинг ҳалол меҳнати билан топилган пули ўз эгасига қайтарилди.

Бундан кейин ҳам Улуғбек ўзининг жиноий ҳаракатларини қасддан давом эттириб, Тошкент шаҳри Қўйлиқ деҳқон бозорида фуқаро Шахсанамга тегишли 7300 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм пулларини, Нукус тумани марказий деҳқон бозори ҳудудида эса, уяли телефонларни ҳам ўғирлаб улгуради.

Яна бир мисол. Фуқаро Танатар (исми ўзгартирилган) ўзининг муқаддам судланганлигидан тегишли хулоса чиқармасдан, хавфли рецидивист бўла туриб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда ўзганинг мол-мулкини талон-тарож қилиш мақсадида Шарофат билан олдиндан жиноий тил бириктиради.

Хусусан, улар 2024 йил 27 июль куни соат 10:00лар атрофида Нукус тумани марказий деҳқон бозори ҳудудида харидор сифатида бозор айланиб юрган фуқаро Сарбинознинг ёнига келиб, уни ўзининг турли ҳаракатлари билан чалғитади ва эътиборсиз турганлигидан фойдаланган жиноий шериги Шарапат сумкасидан 2 фуқаролик паспорти, пенсия гувоҳномаси, пластик карта ва 250 минг сўм миқдоридаги пулларни олишга эришади.

Сўнгра Танатар ўз шериги билан кейинги ўлжани қўлга киритишга киришиб кетади. Уларнинг кейинги нишони фуқаро Даулетбийке бўлиб, унинг сумкасидан бир пластик карта ва 400 минг сўм миқдоридаги пулларини ўғирлайди.

Осон йўл билан топилган дунёга маст бўлган жиноятчилар ўзларининг ҳийлаларини давом эттириб, бозор оралаб кимнинг уяли телефонини, кимнинг пулини ўзлаштириб юраверди. Лекин… лекин ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Ўша айтганидек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан уларнинг осон йўл билан дунё топишига чек қўйилди.

Бугунги кунда жиноятчилар ўз қилмишлари учун тегишли жазога тортилди. Улар темир панжара ортида қилган жиноятлари учун пушаймон бўлган бўлса, ажаб эмас.

Раиса Бекмуратова,

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани судининг бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги