Янги йил байрами муносабати билан ходимларга байрам пули бериш мажбурийми?

57

Ҳуқуқий муносабат

Қонунчилигимизда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар, жумладан, байрам саналари муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир.

Хўш, янги йил байрами ҳам мукофот бериладиган байрамларданми?

Бу ҳақдаТошкент давлат юридик университети, Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Малика Эралиева қуйидагиларни маълум қилди.

-Мукофотлаш, иш ҳақи асосий қисмига доир қўшимча тоʻловлар ва устамалар, бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тизимлари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланади.

Агар жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатда барча ходимларга байрам муносабати билан мукофот пули бериш мажбурияти белгиланган боʻлса, иш берувчи уни бериши шарт. Акс ҳолда, бу қарздорликни келтириб чиқаради. Масалан, таълим муассасаси жамоа шартномасида барча ходимлар учун ишланмайдиган байрам кунларида мукофот пуллари берилиши назарда тутилган бўлса, иш берувчи ушбу мукофот пулларини ходимларга беришга мажбур.

Акс ҳолда, ушбу ҳолат юзасидан ходимлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тегишли ташкилотларга шикоят қилишлари мумкин. Агар ички ҳужжатларда байрам пулларини бериш кўзда тутилмаган бўлса, мукофот бериш мажбурий эмас, у ихтиёрий ҳисобланади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, мукофотлашда камситишга йўл қўйилмайди.

Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқейи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш мумкин эмас.

Худди шунингдек бирор-бир тўғиридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.

Масалан, Янги йил муносабати билан фақатгина аёлларга ёки фақатгина маълум бир миллатга мансуб ходимларга мукофот пулларини бериш бошқа ходимларнинг ҳуқуқлари камситилишига сабаб бўлади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Меҳнат кодексининг 299-моддасига мувофиқ, ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилганда ва унинг амал қилиш даврида ушбу ходимга байрам пуллари тўланмайди ва бу камситилиш ҳисобланмайди.

Байрам мукофот пулларини байрамдан олдин ҳам, кейин ҳам бериш мумкин — қонунчиликда аниқ муддат белгиланмаган.

Бюджет ташкилотларида мукофотлаш тартиби фақат қонунчиликда белгиланган ҳолатларда амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги йил муносабати билан ходимларга мукофот пулларини бериш ходим ишлайдиган корхонанинг жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатида назарда тутилган бўлса, берилади, акс ҳолда, берилмайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА