Миздакхон саркофаги – Марказий Осиёдаги ноёб археологик топилма

45

Бу ғоят ноёб, сополдан ясалган саркофаг 1960 йилларда Хўжайли тумани ҳудудида, Марказий Осиёдаги энг йирик ва муҳим археологик ёдгорликлардан бири бўлган Миздакхон некрополидан топилган. Унинг ўзига хос «туфлисимон» шакли мажмуадаги 600 дан ортиқ ўрганилган дафн маросимига оид буюмлар орасида мутлақо ўхшаши йўқ бўлиб, фақат бир марта қайд этилган. Археологлар топилмани милодий I-III асрларга оид деб ҳисоблайдилар.

Саркофаг ичидан тахминан 18-20 ёшлардаги ёш аёлнинг суяк қолдиқлари ҳамда ниҳоятда бой дафн анжомлари: шиша идишлар, мис кўзгу, учта олтин узук, сирға ва осмачоқли тақинчоқ, шиша кўза, мис қозонча ва қошиқ топилган. Безаклар эрамизнинг бошларига хос бўлган Евроосиё даштларидаги кўчманчи маданиятларга мансуб сармат полихром (кўп рангли) услубида ишланган.

Тадқиқотлар буюмларнинг муҳим қисми маҳаллий бўлмаганини ва савроматлар ҳамда сарматлар маданий доираси билан боғлиқлигини кўрсатди. Дафн маросимининг ўзи эса зардуштийлик дафн анъаналари билан уйғун бўлиб, топилмада алоҳида тарихий-маданий аҳамият акс этган.

Археологларнинг фикрича, бу дафн маросими эҳтимол хорижий анъаналардан келиб чиққан бўлиб, зодагон табақага мансуб аёлга – балки маҳаллий ҳукмдорнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган.

1985 йилда саркофаг музей фондига қабул қилинган ва бугунги кунда тўпламдаги энг қимматли ва рамзий археологик ашёлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, қадимги Оролбўйи ҳудудидаги маданий алоқалар ва диний-маънавий тушунчаларнинг ранг-баранглигини яққол намоён этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги