Маҳалла – жамият барқарор тараққиётининг асоси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва кўп миллатли халқимизга бу йилги мурожаати мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг инсон манфаатига йўналтирилгани, жамият барқарорлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни беқиёс эканини яна бир бор яққол намоён этди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тарих синовларига бой бўлган халқимиз ҳар қандай оғир вазиятда ҳам аввало бирдамлик ва ҳамжиҳатликка таянилган ҳолда муваффақият қозонган. Ана шу бирдамликнинг илдизи эса, шубҳасиз, маҳалладан бошланади.
Мурожаатномада қайд этилганидек, машаққатли кунларда оила — оилага, қўшни — қўшнига елкадош бўлиб, маҳалла аҳли қийинчиликларни биргаликда енгиб келган. Турли фикр ва қарашларнинг мавжудлиги демократик жамиятнинг табиий талаби экани эътироф этилар экан, миллат, тил ва диндан қатъи назар, 38 миллионли халқимизни бирлаштирувчи олий ғоя — Ватан ва халқ манфаати экани алоҳида урғулаб ўтилди.
Айнан шу буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Зеро, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамият ҳам тинч ва барқарор бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакат юксалади.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Президентимиз 2026 йилни мамлакатимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус маҳаллани жамият тараққиётининг асосий таянчи сифатида янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадамдир.
Мурожаатномада белгиланган вазифалар доирасида келгуси йилдан бошлаб маҳаллани ривожлантириш бўйича янги — комплекс ёндашув жорий этилиши қайд этилди. Унга мувофиқ, ҳар бир вилоятда 2–3 тадан туман танлаб олиниб, ушбу ҳудудлардаги барча маҳаллаларда мавжуд муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишга қаратилган тизим йўлга қўйилади. Бу жараёнда ижтимоий соҳалар билан бир қаторда тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши аҳамиятлидир.
Белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан жами 8,5 триллион сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилгани, депутатларга ўз сайлов округларидаги долзарб муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм ажратилиши, шунингдек, “яшил ҳудуд” ва “яшил боғ”лар барпо этиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағлар белгилангани мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Таъкидланганидек, ушбу комплекс ёндашув орқали 2030 йилга қадар шароити оғир бўлган барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсад қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, Президент мурожаатномасида белгиланган вазифалар маҳалла институтига таянилган ҳолда жамиятни янада барқарор ва тараққий этган босқичга олиб чиқиш, халқ фаровонлигини ошириш ва мамлакат тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам дастурий асос бўлиб хизмат қилади.
Нурлибай Қайипбергенов,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси.
Қарақалпақстан хабар агентлиги