Маданият ходимлари ва дин вакиллари билан учрашди

Қорақалпоғистон санъат саройида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг маданият ходимлари ва дин вакиллари билан учрашуви ўтказилди.
Унда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан фақат Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарорлар ва фармонлар орқали берилган имтиёзларни кенг тарзда таъкидлаб ўтди. Учрашувда шунингдек, ўтган қисқа вақт ичида Қорақалпоғистон тарихи саҳифаларида ўзига хос ўрин олган муҳим янгиликлар, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли эзгу ишлар, олдиндаги вазифалар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, яқин қисқа вақт ичида Қорақалпоғистонда чин маънода тарихий воқеалар юз берди. Биргина Қорақалпоғистон аҳолиси, тадбиркорлари, аҳолининг барча тоифалари учун илгари бўлмаган имтиёзлар, кўплаб имкониятлар яратиб берилди.
Ўтказилган учрашувда барча эзгу ишлар, ҳаётий ислоҳотлар, муҳим ташаббуслар аниқ мисоллар билан кўрсатиб берилди.
Шундан сўнг, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Учрашув давомида бугунги кунда мамлакатимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ жамоат фаоллари муносиб рағбатлантирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги