Сартайга янги уйнинг калити топширилди

10

 

Мўйноқ туманида Янги йил байрами арафасида яна бир қувончли воқеа юз берди. Шу жумладан Сартай Даркеновга барча замонавий шароитларга эга янги 2 хонали уйнинг калити тантанали равишда топширилди.

Тантанали маросимга туман ҳокими Б.Менглибеков, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Ж.Юсупов, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ушбу эзгу ташаббус мамлакатимизда инсон қадри энг олий қадрият экани, айниқса, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга бўлган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Янги йил арафасида совға қилинган иморат нафақат янги маскан, балки янги умидлар, янги орзулар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзидир.

Байрам кайфияти, самимий табриклар ва эзгу тилакларга бой бу тадбир кўнгилларга шодлик бағишлади. Юртимизда меҳр-оқибат, ғамхўрлик ва инсонпарварлик қадриятлари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ана шундай савобли ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги