Бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қодир малакали кадрлар тайёрланади

21

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти вa дипломатия университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Мазкур ҳужжат икки томонлама ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш, боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасига оид илмий вa амалий тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Жумладан, меморандум доирасида бола ҳуқуқларига оид янги билимлар шакллантирилади вa университет таълим жараёнига татбиқ этилади.

Таҳлилий фаолият олиб борилади вa янги илмий тадқиқотлар базаси яратилади. Талабаларни Болалар омбудсмани амалиётига ўқув мақсадида жалб қилиш орқали реал кейслар асосида уларда амалий тажриба шакллантирилади. Юридик клиника негизида амалий тренинглар ташкил қилиш орқали бола ҳуқуқлари бўйича малакали кадрлар тайёрланади.

Университет негизида «Болалар омбудсмани клуби» ташкил этилади. Бола ҳуқуқларига оид таҳлилий, ўқув вa услубий адабиётлар  тайёрлаш, чоп этиш каби амалий масалаларда ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Бундай ҳамкорлик бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоялашга қодир малакали кадрлар тайёрлашга, жамиятимизда болалар  манфаатлари ҳимояси кучайтирилишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА