Келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши бўлиши белгиланди

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномаси давом этмоқда.
Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.
– Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда фақат юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлатларгина дунё бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Шунинг учун иқтисодиётнинг барча соҳаларида юқори самарадорликка эришиш келгусида ислоҳотларимизнинг бош мезони бўлиши шарт, – деди Президентимиз.
Масалан, саноатда юқори технологик ва кам энергия истеъмол қиладиган тармоқлар ривожлантирилгани ҳисобига жорий йилда 1 доллар маҳсулот учун сарфланадиган ёқилғи-энергия миқдорини 13 фоизга камайтиришга эришилди.
Шу боис, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш учун энг тўғри йўл – барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш экани таъкидланди.
Бу келгуси йилларда иқтисодий тараққиёт стратегиясининг асосий йўналиши бўлиши белгиланди.
ЎзА