Икки томонлама мулоқотдан глобал кун тартибигача: АҚШ – Ўзбекистон алоқаларининг аҳамияти

9

Дональд Трампнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқоти Америка Ўзбекистон муносабатларининг барқарор ижобий динамикасини тасдиқловчи муҳим сиёсий сигналдир. Олий даражадаги тўғридан-тўғри алоқалар АҚШнинг Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги етакчи ҳамкор сифатида эътибори ортиб бораётгани ҳамда Тошкентнинг минтақавий ва кенгроқ халқаро кун тартибидаги роли тан олинаётганини акс эттиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик вақти-вақти билан бўладиган алоқалардан тизимли шерикликка айланди. Мамлакатда Америка капитали ва технологиялари иштирокидаги ўнлаб лойиҳалар, асосан саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида амалга оширилмоқда. Қўшма Штатлар илғор технологиялар ва бошқарув амалиётларининг етакчи манбаларидан бири бўлиб, бу Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш учун айниқса муҳимдир.

Сиёсий мулоқот ҳам мазмунли тус олди. Вашингтон Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва очиқлик сиёсатини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Тошкентнинг Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги конструктив ролига юксак баҳо берилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган «Катта йигирматалик» саммитига тарихда биринчи марта меҳмон сифатида таклиф этилгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу шунчаки дипломатик ишора эмас, балки мамлакатнинг халқаро мақоми сифат жиҳатидан ўзгаргани, Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч ортиб бораётганидан далолатдир.

«Йигирматалик» мамлакатлари жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 85 фоизини, жаҳон савдосининг қарийб 75 фоизини ва сайёрамиз аҳолисининг деярли учдан икки қисмини ташкил этади. Айнан шу форматда жаҳон иқтисодиёти, молиявий барқарорлик, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, таъминот занжирлари ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича ўзаро мувофиқлашган ёндашувлар шакллантирилмоқда.

Ўзбекистоннинг «Катта йигирматалик»даги иштироки инвестицияларни жалб қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, мамлакатнинг глобал ишлаб чиқариш ва логистика занжирларига интеграциялашуви учун қўшимча имкониятлар очади. Кенгроқ маънода, бу жаҳон ва минтақавий иқтисодиёт келажагига бевосита таъсир кўрсатадиган қарорларни муҳокама қилишда Ўзбекистон овозини кучайтиради.

Шу маънода, Дональд Трампнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбати ва G20 саммитига таклифи Ўзбекистон – Америка стратегик ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришга – иқтисодий алоқалар ва инвестицияларни кенгайтиришдан тортиб, асосий минтақавий ва глобал масалалар бўйича позицияларни мувофиқлаштиришгача тайёрлик белгиси сифатида баҳолаш лозим.

Элдор АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори
.

 ЎзА