Тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш йўлидаги қадамлар

8

Ўтган асрнинг машъум қатағон даври миллатимиз бошига қора кулфатларни ёғдирган, минглаб инсонлар ва уларнинг оила аъзоларини чексиз қайғуга солган, азиятда қолдирган оғриқли давр сифатида тарихга муҳрланиб қолди. 1937-1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд ватандошимиз қатағон сиёсатининг қурбони бўлгани ачинарли. Уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунга жўнатилган.

Кўплаб атоқли давлат ва сиёсат арбоблари, илм-фан, маърифат намояндалари, ижодкорлар, зиёлилар, дин уламолари, ҳарбий соҳа ва суд-ҳуқуқ тизими ходимлари, ишчи-деҳқонлар ва уларнинг оила аъзолари қатағон даври қурбони сифатида азоб-уқубат чекишган, аксариятининг ёш умри хазон бўлган.

Мустақиллик йилларида ўзликни англаш, тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш, миллат маънавиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, қатағон қурбонларининг номини абадийлаштириш, миллат равнақи йўлидаги фаолиятини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, кейинги йилларда бу борада Президентимиз томонидан бир қатор қарор, фармон ва фармойишлар қабул қилиниб, уларнинг доирасида муайян ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

Жумладан, 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги Президент қарори қатағон қурбони бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ этиш, уларнинг номлари ва хотирасини абадийлаштиришда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.

Қарорга кўра, сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ташкил этилиб, унинг зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди. Хусусан, қатағон қурбонларининг фаолиятини ўрганиш, уларни номма-ном аниқлаш, тарихий хизматлари ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейлар, кутубхоналар ва турли фондларда сақланаётган ҳужжатларни тўплаш ва тадқиқ этиш, оммалаштириш чораларини кўриш белгилаб берилди.

Ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига тарихимизнинг ҳар бир даври ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар етказиш муҳим. Бу борада қатағон даври ҳақиқатларини ўрганишда мазкур қарорда белгиланганидек, қатағон қурбонларининг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларига гувоҳ бўлган инсонларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий манбаларни, ноёб суратларни тўплаш ишлари алоҳида аҳамиятга эга.

Айниқса, чет элдаги турли фондлар, архив, музей, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, мавзуга оид илмий экспедициялар ташкил этиш вазифаси қўйилгани сургунга учраган, хорижий юртларда хоки қолиб кетган юртдошларимиз ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлишга замин ҳозирлайди.

Шунингдек, қарорда ёш авлодни Ватанимиз озодлиги йўлида жонини фидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг жасорати ва ибратли фаолиятини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, ёшларни ўтмишимизнинг шонли даврлари билан бирга, “Катта қирғин”дек қора кунлари ҳам борлигига оид хабардорлигини ошириш уларни бугунги тинч-осойишта кунларни қадрлашга ундайди, миллатпарвар аждодларимизга муносиб ворис бўлишларига чорлайди. Шу мақсадда таълим масканларида мунтазам рвишда қатағон қурбонлари ва жадидлик ҳаракати намояндаларига бағишланган ўқув машғулотлари ташкил этиб борилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА