Пойтахтимизда замонавий Гимнастика маркази очилди

18

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори спорт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасидан юртимиз довруғини дунёга танитадиган спортчиларни етиштириб чиқариш янги босқичга кўтарилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида меҳри ва эътибори билан Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ишларни таъкидлайдиган бўлсак, 14 млрд. сўм маблағ асосида Нукус Олимпия ва Паралимпия марказида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 107 млрд. сўм маблағ ҳисобидан «Турон» футбол стадионида ҳам реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, пойтахтимизда Кураш маҳорати мактаби фойдаланишга топширилди.

Ана шундай эзгу ишлар қаторида Гимнастика марказининг очилишини айтиб ўтиш мумкин.

Марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, нуроний-оқсоқоллар, фаол аёллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, қарийб 80 млрд. сўм маблағ ҳисобидан замонавий кўринишда қуриб битказилган ушбу объектда спортчи ёшлар учун барча қулай шароитлар яратилиб, марказ зарур анжомлар билан тўлиқ таъминланди.

Албатта, бундай замонавий спорт масканидан келгусида юртимизни дунёга танитадиган Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги