Янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди

18

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича чиқарган махсус фармон ва қарорлари асосида, республикамизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўзларига яратилган бундай қулайликлардан самарали фойдаланиб келаётган республикамиз тадбиркорлари томонидан бир қатор ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиб, халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширилмоқда.

Шундай янги объектлардан бири «Рамада» меҳмонхонаси пойтахтимизда қурилиб, янги йил арафасида фойдаланишга топширилди.

Меҳмонхонанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини замонавий хизмат кўрсатиш объектининг фойдаланишга топширилиши билан самимий табриклади.

Таъкидлаш жоизки, «Karakalpak Palace» жамияти томонидан халқаро «Ramada by Wyndham» бренди билан 10 млн. доллар маблағ ҳисобига қурилган меҳмонхона ишга тушиши билан унда бир вақтнинг ўзида 200 меҳмонни қабул қилиш имконияти яратилди.

Ушбу янги туризм объектида халқимиз учун, шунингдек, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун барча қулай шароитлар яратилган.

Тантанали очилиш маросимидан сўнг нуроний-оқсоқоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари меҳмонхонада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги