Кураш маҳорати мактаби фойдаланишга топширилди

4

Сўнгги йилларда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори натижасида халқимиз фаровонлиги йўлида юртимизда кенг кўламли тадбирлар олиб борилиб, республикамиз ҳаётида кўплаб янгиликлар юз бермоқда.

Ана шундай қувончли воқеалардан бири сифатида Янги йил байрами арафасида бугун Нукус шаҳрида Кураш маҳорати мактабининг очилиш маросими ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз топшириғи билан қурилган янги объект фойдаланишга топширилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади. Таъкидланганидек, бугунги кунда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай амалий ишлар қаторида 16 млрд. сўм маблағ асосида кураш маҳорати мактаби янгидан қуриб битказилди ва зарур анжомлар билан тўлиқ таъминланди. Шу асосда 150 нафардан зиёд ёшлар учун спортнинг миллий кураш, эркин кураш ва юнон-рум курашлари билан мунтазам шуғулланиши учун барча зарур шароитлар яратилди.

Албатта, янгидан фойдаланишга топширилган ушбу объект узоқ йиллар давомида халқимизга хизмат қилади ва бу ердан юртимиз байроғини дунёга танитадиган кўплаб ёшларимиз етишиб чиқади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги