Халқимизнинг ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланмоқда

9

 

Республикамизда аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш орқали аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида бугунги кунда республикамиз аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,2 фоизни, оқова сув хизмати билан қамраб олинганлик даражаси 5,4 фоизни ташкил этмоқда.

«Қорақалпоқ сув таъминоти» акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, унда жамият директори Қ.Халмуратов республикамизда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва олдиндаги режалар бўйича маълумот берди.

– Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида умумий қиймати 223,0 млн. долларлик 2 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Қ.Халмуратов.

Хусусан, Осиё тараққиёт банки иштирокида қиймати 145,0 млн. долларлик «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси амалга оширилиб, ҳозирги вақтда Қораўзак, Беруний, Амударё ва Мўйноқ туманларида сув тақсимлаш иншоотлари ва сув тармоқларини қуриш ишлари ҳамда Амударё туманидаги қуввати 40 000 м3/сутка бўлган «Манғит» сув тозалаш иншоотини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги махсус қарори асосида Нукус шаҳрида жойлашган «Нукус» сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш» лойиҳаси амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида каналдан сув олиш иншоотига 14 та қозиқ (свай) қоқилиб, 0,210 километрлик технологик қувур тортилди ва 2-кўтарма насос станциясига 4 та насос ускуналари ўрнатилди. Учта горизонтал сув тиндиргич тозаланиб, унга 0,265 километрлик технологик қувурлар тортилди. 14,2 минг м3 лик 2 та янги қурилган сув тиндиргичда технологик металл қувурлар тортилди ва сув тиндиргич қурилди. 23 мингта янги фарсунка ускуналари олиб келиниб, 150 метр пульповод келтирилди. Мавжуд ва янги қурилган иншоотларни электр билан таъминлаш ишлари амалга оширилди.

Натижада, илгари «Нукус сув тозалаш» қурилмасида умумий қуввати суткасига 60 минг куб метр сув етказиб бериш имконияти бўлган бўлса, Президентимизнинг махсус қарори билан 74,9 млрд. сўм маблағ асосида реконструкция ишлари олиб борилиб, бу кўрсаткич 90 минг куб метрга етказилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан қамраб олиш 279 мингдан 340 минг фуқарога етказилди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4271-сонли қарорига мувофиқ, Нукус туманининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банкининг 11,4 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилди.

Лойиҳа доирасида 263 километр ичимлик суви тармоқлари тортилиши орқали 31 мингдан зиёд кишининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланишига эришилди. Шунингдек, «Маданият,» «Ободон,» «Кердер» насос станциялари қурилиб, туман сув таъминоти корхонасининг икки қаватли янги биноси, барча замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория қуриб битказилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 4000 дан ортиқ фуқаро илк бор ичимлик суви билан таъминланишига эришилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, туман аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси аввалги 68,4 фоиздан 90 фоизга етказилишига эришилди.

Бундан ташқари, грант маблағлари асосида олис қишлоқларда яшовчи аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт фонди (БМТТД) нинг «Иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали Оролбўйи минтақасида барқарорликни қўллаб-қувватлаш» халқаро лойиҳаси доирасида 131 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари асосида Кегейли тумани Обод овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги сув чучуклаштириш станциясида реконструкция ишлари олиб борилди.

Лойиҳа доирасида сув станцияси янгиланиб, унинг қуввати 12 куб метрга етказилди. Бугунги кунда янги сувни чучуклаштириш станцияси фойдаланишга топширилди ва бу орқали ҳудуддаги 250 та хонадондаги, 1250 нафар аҳолининг тоза ичимлик суви билан барқарор таъминланишига эришилди.

Қораўзак туманидаги Қўйбоқ ОФЙ ҳудудида бугунги кунда 236 хонадонда 1050 дан ортиқ одамнинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ ҳисобидан ушбу ҳудуднинг ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида лойиҳа қиймати 660 млн. сўмлик маблағ ажратилди. «Гузберген» қишлоғига қуввати 1 м3/соат, «Дағар» қишлоғига 0,5 м3/соат ва «Хожа» қишлоғига 0,5 м3/соатлик 3 дона янги сув чучуклаштирувчи ускуналар ўрнатилди.

Буларнинг барчаси аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган ишларнинг яққол тасдиғидир.

Шунингдек, Президентимизнинг махсус қарори асосида, Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳаси бўйича Қораўзак, Беруний, Амударё ва Мўйноқ туманларида сув тақсимлаш иншоотлари ва сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кунда жами 9 та қурилиш пакетидан 2 таси бўйича қурилиш ишлари якунланди, 6 таси бўйича ишлар давом этмоқда, қолган 1 таси бўйича тендер жараёнлари амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.

М.Ҳабибуллаев олган суратлар.