Пост орқали ўтиш қоидалари соддалаштирилмоқда

13



Божхонада ҳуқуқбузарликларга қарши профилактика куни муносабати билан «Нукус-Аэропорт» ва «Хўжайли» чегара божхона постларида божхона ходимлари томонидан пост орқали ҳаракатланган фуқаролар билан профилактик тадбирлар ўтказилди.

Пост ходимлари божхона соҳаси учун муҳим қонунчилик талаблари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, контрабанда ва ноқонуний товарларни олиб киришга қарши курашиш бўйича амалий тушунчалар берди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 17 декабрдаги «Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинганлиги, фармон билан чегара ўтказиш пунктларидаги назорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш борасида жорий этилган қоидалар ҳақида маълумотлар берилди.

Унда чегара қўшинлари томонидан шахсларни паспорт назоратидан ўтказишда қуйидаги асосларга кўра божхона органларини хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилиши қайд этилди, яъни божхона органлари ахборот тизимида шахснинг божхона назорати остидаги автотранспорт воситаси мавжудлиги ҳақида маълумот бўлса, шахс божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ёки бузиш хавфи мавжуд бўлса, хабардор қилиши керак.

Божхона ходимларининг мансаб ваколатидан моддий ёки номоддий манфаат эвазига фойдаланиш, тамагирлик ҳолатларига дуч келса, Божхона қўмитасининг 11-08 ва Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг +99861 224-90-86 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, хабар бериши сўралди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги