Спикер Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди
Сўнгги йилларда Япония ва Ўзбекистон муносабатлари янада ривожланиб, олий даражадаги мулоқотлар фаоллашиб бормоқда.
Икки томонлама ишончли муносабатлар кўлами Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кэндзи Хирата учрашувида алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда ҳар икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро ҳамкорлик сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлади. “Япония Ўзбекистонни минтақадаги мустаҳкам стратегик шериклик мавқеида кўришдан манфаатдор”, деди у.
Х.Кэндзи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга ташрифи муваффақиятли бўлгани, бу ташриф алоқаларнинг янги даврини бошлаб берганини қайд этди. Унинг фикрича, Ўзбекистон етакчисининг “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида илгари сурган таклифлари минтақани барқарор ривожлантириш учун жуда муҳимдир.
Ўзбекистон етакчисининг ташриф чоғидаги барча учрашувлари, жумладан, Япония Парламенти раҳбарлари билан мулоқотлари ҳар икки давлат қонунчилик органлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган мулоқотда дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, парламент қўмиталари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим масалалар сифатида таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА