Президент совғалари болажонларга қувонч ҳадя қилади

Янги йил болажонларнинг энг севимли байрамидир. Айниқса, ҳар йили ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбири болалар қалбида унутилмас хотиралар қолдиради.
Ушбу байрам доирасида меҳрга муҳтож болаларга ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қатор ишларни амалга оширмоқда. Жорий йилда ҳам анъанага мувофиқ, мамлакатимиз бўйлаб болажонлар учун Президент совғалари тайёрланди. Улар жойлардаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, “SOS O‘zbekiston bolalar mahallalari”, Гўдаклар уйлари, оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандларига мўлжалланган.


Президент совғалари таркибидан 24 турдаги ўқув қуроллари ҳамда 34 хил ширинликлар ўрин олган бўлиб, улар болаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, байрам кайфиятини янада кўтаришга хизмат қилади. Айни кунларда республиканинг барча ҳудудларига совғалар карвони етиб бормоқда. Ана шундай қувончли манзиллардан бири Тошкент вилояти бўлди.

– Янги йил байрами ҳар йили ўзининг ёрқин хотиралари ва жўшқин ҳиссиётлари билан барчанинг ёдида қолади. Айниқса, болалар бу байрамни орзиқиб кутади. Ҳар йили Президентимиз томонидан меҳрга муҳтож болалар учун совғалар топширилади. Бу йил ҳам ушбу эзгу анъана давом эттирилиб, совғалар болажонларга етказилади. Мазкур ташаббус болаларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир. Янги йил арафасида улашилган Президент совғалари эса болажонлар қалбида қувонч, ишонч ва илиқ хотиралар уйғотади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов.
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА мухбири