Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бугунги кунда дунё миқёсида глобаллашув жараёнларининг кучайиши ҳар бир давлат олдида, энг аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш вазифасини долзарб қилиб қўймоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашни талаб этади.
Бу жараёнда маъмурий судларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Маъмурий судларнинг асосий вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.
Ушбу вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилиши аксарият ҳолларда маъмурий суд ишларини юритишда қўлланиладиган процессуал мажбурлов чоралари доираси билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсири чораларини янада кенгайтириш орқали давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш имкониятлари янада ортади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига асосан маъмурий судлар томонидан суд жарималари, шунингдек, алоҳида ажрим ва хабарнома шаклида процессуал таъсир чоралари қўлланиб келинмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам суд фаолиятини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим нормалар белгиланган. Жумладан, мазкур Кодекснинг 180-моддасида судга ҳурматсизлик қилганлик, 181-моддасида эса суднинг хусусий ажрими (қарори) бўйича чоралар кўрмаслик учун маъмурий жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Низоларни ҳал этиш жараёнида ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, бундай ишлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар, 245¹-моддасига мувофиқ иқтисодий судлар ҳамда 245⁴-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
Энди бу соҳада янги босқич бошланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепциясида низоларни ҳал этиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини маъмурий судларга ҳам бериш назарда тутилган.
Шу билан бирга, Қарорда маъмурий суд ишларини юритишда қўлланиладиган процессуал мажбурлов чоралари доирасини аниқ белгилаш ва уларни тизимли равишда такомиллаштириш масалалари ҳам назарда тутилган. Бу эса маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсир имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори соҳада изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Илғор хорижий тажрибага мувофиқ маъмурий судлар фаолиятига янги институт ва механизмларнинг жорий этилиши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари самарали ва ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, пировард натижада эса Ўзбекистоннинг инвеститсиявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги нуфузининг янада юксалишига хизмат қилади.
Азат Иматов,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги