Янги бино энергетикларга байрам совғаси бўлди

Тахтакўпир туман электр таъминоти корхонасининг янги биноси фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Ж.Адилов, соҳа мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар «22 декабрь – Энергетиклар куни» ва Янги йил байрами арафасида замонавий хизмат биносининг фойдаланишга топширилгани билан тадбир иштирокчиларини самимий қутлаб, ушбу бинонинг ҳудуд электр таъминоти тизимини янада такомиллаштиришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги 4889-сонли қарори асосида, ушбу объектнинг қурилиши учун 5 млрд. 171 млн сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш жараёнида энергия тежамкор ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланилди ҳамда бино барча замонавий талабларга мос ҳолда қурилди.
Янги бино электр таъминоти корхонаси ходимлари учун қулай меҳнат шароитларини яратиш билан бирга, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва электр таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлашга асос бўлади.

Шунингдек, маросимда Тахтакўпир туман электр таъминоти корхонаси жамоасига янги хизмат автомашинаси ҳам тантанали равишда топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси