Маҳаллалардаги долзарб масалалар қонунчилик ташаббуслари асосида муҳокама қилинди

55

Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши фаолларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Нукус шаҳри ҳамда Амударё туманларида бўлиб, маҳалла “еттилиги” кесимида ҳудудларда учраётган долзарб муаммоларни ўрганиш, жойларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказишди.

Дастлаб депутатлар Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида бўлишди. Учрашув давомида республикада маҳалла тизими доирасида амалга оширилаётган ишлар, маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек, қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар муҳокама қилинди. Маҳалла институтининг аҳоли билан ишлашдаги ўрни, маҳалла “еттилиги” фаолиятида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Нукус шаҳрида жойлашган “Наўқан боғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. У ерда маҳаллада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолини қийнаётган муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклиф ва ташаббуслар тингланди.

Шунингдек, учрашувлар давомида ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам кўтарилди. Хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлиги бор шахсларни парвариш қилаётган оила аъзоларига оид муаммолар муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, амалдаги тартибга кўра, бундай нафақа фақат 18 ёшгача бўлган болалар учун тўланиб, касаллиги умрбод бўлган ва 18 ёшдан ошган шахсларни парвариш қилаётган қонуний вакиллар нафақадан маҳрум бўлиб қолмоқда. Аҳоли ва маҳалла фаоллари мазкур ҳолатни қайта кўриб чиқиш, агар фарзанднинг касаллиги вояга етганидан кейин ҳам давом этса, нафақа тўловини тўлашни сақлаб қолиш бўйича қўшимчалар киритиш таклифини илгари суришди.

Бундан ташқари, кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам аҳолини ташвишга солаётгани таъкидланди. Фуқаролар белгиланган муддатни ўтказиб юборгани учун йирик миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлаётгани, айрим ҳолларда бу ҳолат эътиборсизлик ёки узрли сабаблар билан боғлиқ экани қайд этилди. Шу боис, агар фуқаро ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой ичида ўз кўчмас мулкини давлат рўйхатидан ўтказса, уни маъмурий жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи нормани қонунчиликка киритиш таклифи билдирилди. Бу эса аҳолининг молиявий юкини енгиллаштириш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ташриф давомида маҳалла раиси Замира Айтбаеванинг ташаббуси билан ташкил этилган “Наўқан боғ” МФЙ ҳудудидаги музей фаолияти билан ҳам танишилди. Мазкур “Қара уй” музейи 2025 йил 30 август куни ҳудуд фидойилари кўмагида ташкил этилган бўлиб, у маҳалланинг тарихи, урф-одатлари ва маънавий меросини асраб-авайлашга хизмат қилмоқда. Депутатлар ушбу ташаббусни аҳолининг фаоллиги ва маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳолашди.

Учрашувлар якунида депутатлар билдирилган муаммо ва таклифлар тегишли қўмиталар ҳамда масъул идоралар билан биргаликда ўрганилиб, қонунчилик ташаббуслари шакллантирилишини маълум қилишди. Зеро, депутатлик фаолиятининг асосий мақсади — аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш, уларга ҳуқуқий ва амалий ечим топишдан иборат.

                                                              Қорақалпоғистон ахборот агентлиги