Ўзбекистон жиддий экологик муаммолар билан юзма-юз келмоқда

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University»)да “Экологик муаммоларнинг табиатга асосланган ечимлари” мавзусида III халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги, биохилма-хилликнинг йўқолиши, ерларнинг шўрланиши ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби жиддий экологик муаммолар билан юзма-юз келаётгани таъкидланди. Ушбу муаммолар нафақат атроф-муҳитга, балки иқтисодиёт, жамоатчилик ва аҳоли саломатлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад барқарор ривожланиш тамойиллари ҳамда илғор, экологик йўналтирилган технологиялар асосида экологик ислоҳотларни амалга оширишнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини муҳокама қилишдан иборат.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилингани, шунингдек, соҳа бўйича ваколатли идоранинг Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига айлантирилиши экологик ислоҳотларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кенг кўламли вазифалар белгиланган бўлиб, улар қаторида кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш, Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар майдонини 2,3 миллион гектаргача кенгайтириш, чўлланиш, қурғоқчилик ҳамда чанг-қум бўронларига қарши курашиш мақсадида 600 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш, шунингдек, яшил энергетика улушини 54 фоизга етказиш каби вазифалар мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистон Париж келишуви доирасида 2035 йилга қадар иссиқхона газлари чиқиндиларини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.
– Экологик ва иқлимий муаммолар чегара билмайди, – дейди Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. – Муаммолар барчани биргаликда ҳаракат қилишга ундайди. Шу нуқтаи назардан, «Green University»да IUCN минтақавий ваколатхонасининг очилиши халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни илмий асосланган ечимлар орқали ҳал этишда Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бўлган юксак ишончи намунасидир. Бундан ташқари университет базасида Хитой Фанлар академиясининг Шинжон Экология ва география институти билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё экология тадқиқот маркази минтақавий илмий изланишлар учун асосий платформага айланиши кутилмоқда.
Анжуманнинг ялпи мажлиси доирасида маҳаллий ва хорижий етакчи экспертларнинг маърузалари тингланди. Ўзбекистоннинг бугунги кундаги экологик ва сув хўжалиги муаммолари ҳамда иқлим ўзгариши шароитида уларни ҳал этиш йўллари диққат-марказда бўлди. Алоҳида маъруза яшил иқтисодиётни шакллантириш масалалари, унинг ривожланиш мантиқи ва яшил технологияларни жорий этишнинг инновацион йўналишларига бағишланди.
Мутахассислар иштирокида сувсиз зоналарда сув тежовчи технологияларнинг сув ресурслари ҳолати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигига таъсири, замонавий усул ва воситалар ёрдамида шаҳарлардаги иқлимий ва табиий хатарларни бошқариш масалалари, ерлардан фойдаланишни баҳолашда интеграциялашган ёндашувлар ҳамда дарё ҳавзаларини барқарор бошқариш стратегиялари муҳокама қилинди.
Экологик ечимлар соҳасида инновацияларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича халқаро ташаббусларга, шунингдек, Термиз шаҳри мисолида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий манбаларни баҳолаш ва ҳавонинг сифатини мониторинг қилиш ҳамда бошқариш тизимларини такомиллаштириш бўйича тавсияларга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири