Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 сентябрдаги ПФ-173-сонли Фармони асосида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни ташкил этиш масаласига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов очди ва бошқарди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев иштирок этиб, рўйхатга олиш тадбирини юқори даражада ташкил этиш бўйича вазифаларга тўхталиб ўтди.Жумладан, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини юқори даражада, белгиланган талаб ва мезонлар асосида ташкил этишга оид масалаларни ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда кенг муҳокама қилди. Таъкидланганидек, мазкур Фармон мамлакатимизда давлат бошқарувини илмий асосда ташкил этиш, ижтимоий-иқтисодий сиёсатни аниқ ва ишончли маълумотлар асосида белгилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида ерлардан фойдаланиш ҳолати, экин майдонлари таркиби, чорва моллари ва паррандалар сони, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолияти ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича ҳаққоний статистик маълумотлар шакллантирилади.
Бундан ташқари, 26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатини чуқур ўрганиш, чорва моллари ва паррандалар бош сонини аниқлаш орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм маблағлар, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарали сарфланишини баҳолаш имконияти яратилади. Бу эса соҳада хизматлар кўламини аниқлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун мустаҳкам таҳлилий асос бўлади.
Президентимиз фармонига асосан, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 15 январдан 28 февралгача икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда – 2026 йил 15-31 январь кунлари фуқаролар «census.stat.uz» портали орқали OneID тизими ёрдамида мустақил равишда онлайн рўйхатдан ўтади. Иккинчи босқичда эса 2026 йил 4-28 февраль кунлари «Маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан уйма-уй юриб, электрон планшетлар орқали маълумотлар йиғилади.
Йиғилишда Амударё тумани ва Нукус шаҳри мутасаддиларига рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан қатъий топшириқлар берилди ва амалга ошириладиган ишлар танқидий муҳокама қилинди.

2026 йил 15 январь куни биринчи навбатда барча ҳокимлар, вазирлар, бошқарма, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари шахсан Интернет орқали OneID платформасидан рўйхатдан ўтиб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиши кераклиги таъкидланди. Бу орқали аҳоли ўртасида шахсий намуна кўрсатиш ва рўйхатга олиш тадбирига ишончни ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, йиғилишда 2025 йил 26 декабрга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини амалга ошириш учун масъул ходимлар белгиланиши ва улар ҳақидаги маълумотлар – фамилияси, исми, лавозими ва телефон рақамлари белгиланган тартибда Республика штабига тақдим этилиши кераклиги белгиланди.
Ушбу муҳим тадбирнинг белгиланган талабга мувофиқ ўтказилиши келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосли қарорлар қабул қилишга мустаҳкам замин яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги