Иш натижалари кўриб чиқилиб, фикрлар тингланди

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари – бу аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бир жойда комплекс тарзда хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, ушбу марказлар орқали фуқаролар ижтимоий хизматлар, нафақа ва моддий ёрдам, реабилитация дастурлари, бандлик, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўллаб-қувватлаш, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар каби кўплаб хизматларни олади.
Ташкил этилганига кўп вақт бўлмаса-да, бугунги кунга қадар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ва рўйхатга олиш, реабилитация, психологик ва зарур ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан бирга ижтимоий хизматлар учун аризаларни қабул қилиш ва мониторингини юритиш бўйича фаолият юритаётган марказ томонидан самарали ишлар амалга оширилди.
Бугун Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими бошлиғи З.Хўжамуратова, соҳа ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар муҳтарам Президентимизнинг соҳага қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидлаб, йил давомида амалга оширилган ишлар билан бирга ходимларнинг таклиф ва фикрлари тингланди.
Шундан сўнг, 28 та маҳалладаги комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатувчи мутахассисларнинг иш самарадорлигини ошириш учун барчасига замонавий компьютер тўпламлари топширилди, шу билан бирга ўзининг фидокорона меҳнати ва масъулияти билан ажралиб турган бир қатор соҳа ходимларига миннатдорлик билдирилди. Бундай имкониятлар, ходимлар учун ишларни янада тез ва сифатли амалга ошириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва ҳар бир муҳтож оилага манзилли хизмат кўрсатишга замин яратади.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги