Янги уйларда янги йил нафаси

20

Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ туманига Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳомий этиб белгилангани, Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ислоҳотларнинг яққол намунасидир.

Шу асосда туманда жами 500 га яқин уйни янгидан қуриш ва таъмирлаш режалаштирилди. Бугунги кунга келиб, бу ишлар ўз самарасини бериб, кўплаб хонадонларда янгиланиш нафаси сезилмоқда.

Янги йил арафасида Мўйноқ туманида яна бир хайрли ишга қўл урилиб, тумандаги Арал маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қ.Аллановнинг оиласи ва ёлғиз яшовчи Т.Қарлибоев учун янги турар жойлар қуриб фойдаланишга топширилди.

Тадбирда туман ҳокими Б.Менглибеков, Тошкент вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» давлат корхонаси директорининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари М.Тлеуов ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, янги уй эгаларини қутлуғ хонадон билан табриклади.

Уй эгалари эса, янги йилни янги уйда, янги орзулар билан кутиб олаётганидан хурсанд. Улар давлатимиз раҳбарига, олиб борилаётган инсонпарвар сиёсатга самимий миннатдорлик билдириб, янги йил юртимизга тинчлик, фаровонлик ва барака олиб келишини тилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги