Олий таълим тизимида коррупцияга қарши қандай чоралар кўрилмоқда?

Қуйи палата мажлисида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шариповнинг “Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурларининг ижроси ҳамда соҳада коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазир томонидан таъкидланганидек, олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси асосида комплаенс назорат тизими жорий қилиниб, шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш мақсадида “HEMIS”, diplom.edu.uz, vacancy.edu.uz каби ахборот тизимлари ишга туширилган. Олий таълим муассасаларида “Registrator ofis”лар ташкил этилиб, бу орқали 30 дан ортиқ давлат хизматлари “Ягона дарча” тамойили асосида электрон шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилган.
Вазирлик тизимида “Situatsion markaz” орқали масофавий аудит ҳамда ҳудудларда профилактик-назорат тадбирлари амалга оширилиб, натижада 113,6 млрд. сўмлик молиявий хатоликлар ва самарасиз харажатларнинг олди олинган, 4,4 млрд. сўмлик ҳуқуқбузарликка оид материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Вазирга кўра, педагог ва талабаларнинг содир этган коррупциявий жиноятлари таҳлил қилинган. Бош прокуратура билан ҳамкорликда аниқ чораларни амалга ошириш бўйича 2 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Нодавлат олий таълим муассасаларини лицензиялаш жараёнларидаги талаблар 9 тадан 5 тага туширилди. Натижада нодавлат олий таълим даргоҳлари сони 74 тага, улардаги талабалар сони эса 716 минга етди.
Рақамлаштириш жараёнлари соҳага кенг жорий этилмоқда. Натижада молиявий ҳисоб-китобларда коррупциявий омилларнинг олди олинмоқда, молиявий хавфсизлик таъминланмоқда. Молиявий жараёнларнинг тезкорлиги 80 фоизга оширилди.
Муҳокамаларда эришилган натижалар билан бир қаторда соҳада ҳали ечилиши лозим бўлган айрим масалалар ва муайян камчиликлар ҳамон сақланиб қолинаётгани қайд этилди. Бир қатор саволлар ўртага ташланиб, тегишли жавоблар олинди. Хусусан, талабаларнинг ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжи юзасидан депутатларнинг саволига жавобан вазир талабалар турар жойларида 2030 йилгача 150 минг ўрин яратилиши белгиланганини айтиб ўтди. Ҳозирда 50 фоиздан ортиқ ёшларнинг ётоқхонага бўлган эҳтиёжи қондирилган. Вазир яна 3 йилдан кейин талабалар турар жойига бўлган талаб юз фоиз қондирилишини маълум қилди.
Вазир эшитуви давомида олий таълим тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, олий таълим жараёнларини бошқариш “HEMIS” платформасини кенг кўламда ва самарали жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА