Техник тартибга солиш агентлиги халқаро майдонда фаоллигини кучайтирмоқда

3

Жорий йил давомида Техник тартибга солиш агентлиги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Натижада қатор хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, АҚШ, Германия, Малайзия, Словения, Словакия, Франция ва Хитой давлатлари билан, шунингдек Германиянинг PTB, Корея Республикасининг KOICA, KATS, KIAT, KATRI, KOTITI, Туркиянинг TIKA, Хитойнинг SAMR, SAC, CTC, CCIC, HENAN каби нуфузли ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатлари йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, Халқаро савдо маркази (ITC), ISO, IEC, IQNet, SMIIC каби етакчи халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланди.

Малайзия, Словения, Словакия, Чехия, Эрон, Иордания ва Хитой билан олий даражадаги ташрифлар доирасида, шунингдек Германия, Корея Республикаси, Испания ва Швейцария иштирокида ўтказилган халқаро тадбирларда қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш мақсадида ЖСТга аъзо бўлган 14 давлатнинг Ўзбекистондаги элчилари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Муҳим ютуқлардан бири сифатида, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” IQNet халқаро сертификатлаш тармоғига аъзо бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон стандартлар институти IECEE тизимининг расмий аъзоси сифатида қабул қилинди.

“Ҳалол” миллий сертификатлаш идораси ташкил этилиб, халқаро аккредитациядан ўтди. Илк бор Тошкент шаҳрида SMIIC Бош Ассамблеяси ўтказилиши мамлакат нуфузини янада оширди.

Бундан ташқари, IEC, ISO, IQNet, ШҲТ, MGS ва BIPM ташкилотлари Бош Ассамблея йиғилишларида иштирок этилди. “Ўзтест” лабораториялари фаолиятини такомиллаштириш бўйича халқаро хулосалар олинди, маҳаллий корхоналар маҳсулотлари халқаро синовдан ўтказилди.

Шунингдек, “Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти” танловида Ўзбекистон номидан 6 та корхона иштирок этиши учун тегишли ҳужжатлар тақдим этилди.

Ш.Маматуропова,

ЎзА