Ўзбекистон 2025 йилда қайси мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди?

Жорий йил юртимиз ташқи сиёсатида дипломатик муносабатлар географияси сезиларли даражада кенгайган йил сифатида намоён бўлмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, йил давомида мамлакатимиз Африка, Океания ҳамда Кариб ҳавзасига мансуб 8 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.
Хусусан, Африка қитъасида жойлашган Сомали Федератив Республикаси (22 февраль), Мозамбик Республикаси (21 июнь), Эритрея (10 июль), Кот-д’Ивуар Республикаси (29 сентябрь) ҳамда Кения (20 сентябрь) билан дипломатик муносабатлар йўлга қўйилди. Бу қадамлар диёримизнинг Африка давлатлари билан сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсат стратегияси изчил амалга оширилаётганини тасдиқлайди.
Океания минтақасида жойлашган Науру Республикаси (20 март) ва Палау (26 сентябрь) билан дипломатик алоқалар ўрнатилиши ҳам юртимиз ташқи сиёсатининг географик доираси кенгайиб бораётганидан далолат беради. Географик жиҳатдан узоқ бўлган мазкур ўлкалар билан муносабатлар халқаро ташкилотлар, айниқса БМТ доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Сент-Люсия (10 сентябрь) билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши Ўзбекистоннинг Кариб ҳавзаси ва Америка минтақаларига чиқишини янада мустаҳкамлади. Бу каби муносабатлар халқаро майдонда сиёсий мулоқотни кенгайтириш ва кўп томонлама ҳамкорлик имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Экспертлар фикрича, ушбу давлатлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатилиши ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, янги бозорларга чиқиш ҳамда халқаро майдонда Янги Ўзбекистоннинг нуфузини оширишга замин яратади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА