Ўзбекистон – БМТ: миллий ислоҳотлар ва глобал мақсадлар уйғунлиги

3

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда мазмунан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз глобал ва минтақавий барқарорлик, инсон ҳуқуқлари, барқарор ривожланиш, ижтимоий ҳимоя ва экологик хавфсизлик соҳаларида БМТ билан яқин ҳамкорликни изчил ривожлантириб келмоқда. Муносабатлар халқаро ҳуқуқ нормалари, ўзаро ҳурмат ва очиқ мулоқот тамойилларига асосланиб, миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда глобал мақсадларга эришишга хизмат қилмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 28 октябрь куни пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги Ҳадли дастур расман имзоланди. Тадбир БМТ ташкил этилганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилиб, унда давлат идоралари ва халқаро ташкилотларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирок этди. Янги дастур БМТ тизимига кирувчи 25 та агентлик ва жамғарма фаолиятини бирлаштириб, 2026–2030 йилларда Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт мақсадларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Айниқса, бунда “Йўл харитаси” мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишларини қамраб олади. Ушбу ҳужжатда белгиланган олтита устувор йўналиш инсон манфаатлари, жамият барқарорлиги ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Самарали бошқарув ва адолат тизими

Бу йўналиш давлат бошқарувини янада очиқ, шаффоф ва ҳисобдор қилишни назарда тутади. Бунда фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки, давлат хизматларининг сифати ва суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳамкорлик доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар қўллаб-қувватланади. Бу эса фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя

Ушбу устувор йўналиш аҳолининг муносиб меҳнат билан бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришни ўз ичига олади. Айниқса, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва заиф ижтимоий гуруҳлар учун барқарор иш ўринлари яратишга эътибор қаратилади. Ижтимоий нафақалар ва ёрдам тизимини манзилли қилиш, меҳнат бозорига мос касбий тайёргарлик дастурларини ривожлантириш ҳам мазкур йўналишнинг муҳим вазифаларидандир.

Соғлиқни сақлаш ва фаровонлик

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик аҳоли саломатлигини яхшилаш, тиббий хизматларнинг сифат ва қамровини кенгайтиришга қаратилган. Бунда бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва сурункали касалликларнинг олдини олиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали жамият фаровонлигини ошириш кўзда тутилган.

Инклюзив ва тенг таълим

Мазкур йўналиш ҳар бир фуқаронинг сифатли таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади. Мактабгача таълимдан тортиб олий таълимгача бўлган барча босқичларда таълим сифатини ошириш, рақамли ва замонавий кўникмаларни ривожлантириш муҳим вазифалар қаторига киради. Шу билан бирга, қишлоқ ҳудудларида таълим имкониятларини кенгайтириш, қизлар ва имконияти чекланган шахслар учун тенг шароит яратиш ҳам асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.

Иқлим ҳаракати ва атроф-муҳит барқарорлиги

Иқлим ўзгариши шароитида ушбу йўналиш экологик хавфсизликни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Дастур доирасида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳаво ва сув ифлосланишини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш чоралари кўзда тутилган. Шунингдек, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига мослашиш ва аҳолининг экологик онгини оширишга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланади.

Оролбўйи минтақасининг комплекс ривожланиши

Оролбўйи масаласи дастурнинг энг муҳим ва алоҳида йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу ҳудудда экологик фожианинг оқибатларини юмшатиш билан бирга, аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Сув таъминотини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларини ривожлантириш орқали минтақани барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлига чиқариш мақсад қилинган.

Бу йўналишлар Ўзбекистоннинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари — 2030” миллий стратегияси билан чуқур боғланган бўлиб, давлатнинг узоқ муддатли тараққиёт режалари билан уйғунлаштирилади. Мазкур дастур давлат, жамоатчилик, фуқаролик жамияти ва халқаро шерикларнинг ҳамоҳанг фаолиятини таъминлайди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимийкоординатори Сабине Маҳл таъкидлашича, дастур инсонни тараққиёт марказига қўяди. Яъни, мамлакатдаги ҳар бир аҳолининг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш ва ушбу жараёнларда заиф ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни мониторинг қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бирга, дастур камбағалликни қисқартириш ва тенг имкониятлар яратишга ҳам қаратилган, бу эса ижтимоий адолатни кучайтириш ва барча фуқаролар учун ҳақиқий имкониятлар яратиш учун муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган барқарор ривожланиш мақсадлари миллий даражада 16 та мақсад ва 125 та вазифа билан ифодаланган. Бу вазифалар соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий фаровонлик, инфратузилма ва иқтисодий ўсишни ўз ичига олади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, БМТнинг янги дастури нафақат умумий глобал стратегия билан уйғун, балки маҳаллий шароит ва аҳоли эҳтиёжларига аниқ жавоб берадиган йўналишлар билан бойитилган. Мазкур ҳамкорлик механизми мамлакатнинг маънан ва ижтимоий жиҳатдан барқарор ривожланишига хизмат қилади. Ушбу дастурнинг қабул қилиниши БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги изчил ва самарали ҳамкорликнинг давом этувчанлигини кўрсатади.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА