НДПИда дўстлик фестивали бўлиб ўтди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Аниқ фанлар факультетида ёшлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий хилма-хилликни янада мустаҳкамлаш, талабалар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни тарғиб қилиш мақсадида “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида “Биз – бир оила фарзандларимиз” мавзусидаги миллатлараро тотувлик ва дўстлик фестивали ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Б.Султанов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Дин ишлари бўйича бош мутахассиси Ҳ.Ибрагимова, “Нуроний” жамғармаси Нукус шаҳар бўлими бошлиғи К.Қалендеров, Республика Маънавият ва маърифат маркази Нукус шаҳар бўлими бошлиғи Қ.Нуратдинов, таниқли ҳунармандлар, профессор-ўқитувчилар, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Фестивалда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қ.Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳозирги глобаллашув даврида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик муносабатлари жамиятимиз ва давлатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамиятга эга йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди.


Тадбир доирасида юртимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган институтнинг биринчи проректори Қувондиқ Қодиров ва Аниқ фанлар факультети декани ўринбосари Халмурат Есемуратовлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
“Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талаба-ёшлар ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги