Хатодан қўрқиш — энг катта хато

13

Инсон борки, муваффақиятга талпиниб яшайди. Аммо унга ҳар ким ҳам эриша олмайди. Эришганлар эса қатъият ва яқинларнинг ишончидан мамнун. Ачинарлиси шундаки, носоғлом оилавий тарбия ва муҳит сабаб кўплаб инсонлар ўз салоҳиятини юзага чиқара олмайди.

Аксар ривожланган давлатлар минталитетига қаралса, эркинлик ва мустақил фикр биринчи даражага қўйилади. Яъни, ҳар қандай кишига хато қилиш имкони берилади. Бизнинг минталитетда эса фарзандлар гўдакликданоқ хато қилмаслик босими билан тарбияланади. Окибатда унинг ички хоҳиш-истакларини тўлақонли юзага чиқаришга йўл берилмайди. Натижада у ўзи учун ноқулай ҳаёт тарзига, севмаган касбига кўникишга мажбур бўлади. Бу эса унинг ҳақиқий салоҳияти ўлишига олиб келиши билан бирга, эришмоғи мумкин бўлган ютуқларига ҳам тўсиқ бўлади.

—Баъзида бизга малакали кадрлар етишмайди деган гап қулоғимга чалинади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Кадрларда асло айб йўқ, балки ўз орзу-ҳаваси деб уларни қурбон қилган ота-оналарда ҳамма айб деб биламан. Негаки, ҳар ким ҳам ўз соҳасини севса, ундан ҳеч қачон ёмон мутахассис чиқмайди, — дейди тадбиркор ва ўқитувчи Ҳамза Мирзаев.

Дарҳақиқат, аслида муваффақиятга хато қилишдан қўрқмаганларгина эришади. Бунда қилинган хатолардан тўғри хулоса чиқариш муҳим. Аслида энг катта хато – хато қилишдан қўрқиш. Шунинг учун фарзанд тарбиясида уларга хато қилиш имконини берайлик. Зеро, уларгина кишини камолотга етказади.

Шербек Исломов, ЎзА