Кўз юмиб бўлмас иллат
Оқ ва қора ҳамиша ёнма-ён яшагани каби атрофимизда турфа инсонлар яшайди. Аммо баъзи иллатли кишилар борки, уларнинг қилмишига кўз юмиб бўлмайди. Улар бировнинг ҳаққига кўз олайтирганлардир.
Ҳар бир инсонда ўзига яраша нуқсони бўлади. Кимдир инжиқ, кимдир жаҳлдор ва ҳоказо. Аммо булар одамнинг ўзига унчалик боғлиқ бўлмаган инсоний хусусиятлар. Бироқ, юқорида таъкидлаганимиз ўзганинг молига кўз тикувчиларни эса оқлаб бўлмайди.
–Баъзида дўкондан ўз таниши пулидан савдо қилиб, кейин индамай кетганларга кўзим тушади. Агар айни пайтда тўлаш имкони йўқ эканини айтса, тушунаман. Аммо ундайларнинг мақсади аксар ҳолда ўша танишининг пулини қайтармаслик бўлади, – дейди Ҳумойинжон Норматов.
Кўриниб турибдики, бу каби иллатлар ҳар кимнинг қаршисидан чиқиши мумкин. Бунга қарши курашиш албатта оиладан бошланмоғи мақсадга мувофиқ.
“Ўзганинг молига кўз тиккан ўзига зиён етказади”, дейди улуғ алломаларимиздан бири Ҳаким Термизий.
Хулоса қилиб айтганда, бундай номаъқулчилик бизнинг на миллий қадриятимизга, на эътиқодимизга хос эмас. Бунга муқаддас китобларимизда ҳам алоҳида урғу берилган. Бизга арзимас бўлиб кўринган бу каби иллатлар миллатимизнинг келгуси тараққиётига тўсиқ бўлиши мумкинлигини ҳис қилмоқ лозим. Негаки, исталган мамлакат ҳақида унда яшаётган халқлар маданияти ва маънавияти орқали баҳо берилади. Шундай экан, ўзимизга ва атрофимизга бефарқ бўлмайлик.
Шербек Исломов,
ЎзА