Илмсизлик азоби
Ҳаёт сабоқлари
Ёзнинг жазирама кунларидан бирида қаттиқ шамол эсиб, томдаги антеннани қулатиб юборди, шохлари синиб ҳар ёққа сочилиб кетди.Оқибат– телевизорим кўрсатмай қолди.Дастлаб бу оддий иш-ку, ўзим эплайман, деган ўйда дўкондан янги антенна олиб келдим.Афсуски, чучварани хом санаган эканман: бир амаллаб антеннани жойига ўрнатсам-да, телевизор қурғур кўзини очмади.
У ёғини, бу ёғини бурдим, симларни қайта-қайта уладим, ҳатто қўшнилар айтган “усуллар”ни ҳам синаб кўрдим.Аммо натижа бўлмади. Томга чиқиб-тушиб силлам қуриди. Шу пайтда оддий бир антеннани ўрнатиш учун ҳам маълум бир билим кераклигини тушуна бошладим.Илмсизлик қанча вақтимни ва асабимни, маблағимни совураётганини англадим. Энг муҳими, қачон хатога йўл қўйганимни ҳам билдим.
…Мен бу хатони ҳозир эмас, кўп йиллар илгари –ўрта мактабни битирган кезларимда содир этганман. Ўшанда омадим чопмай, биринчи уринишда олий ўқув юртига ўқишга киролмаганман. Муваффақиятсизлик аламидан кўзимга дунё тор бўлиб кетган кезларда отам қўлимга тўрт-беш сўм пул бериб, туман марказида телевизор усталари тайёрлаш курси борлиги ва шунга бориб ўқишимни тавсия қилди.
–Ўғлим, йигитга қирқ ҳунар оз.Ҳозир кичигини ўрганиб ол, вақти келиб каттасини ҳам ўрганасан,– дедилар меҳрибонлик билан.
Айтилган жойга бориб рўйхатдан ўтдим. Машғулотлар кечқурун– ишдан кейин бўлар экан.Ўқишга иштиёқ билан киришдим,аммо машғулотдан кейинги қийинчиликни енгишга қурбим етмади. Чунки ҳар куни ярим кечада 6-7 чақирим пиёда юриб, уйга қайтишга тўғри келарди. Бу мен учун азоб эди – бир ҳафта чидадим, холос. Афсуски, ўшанда бу азоб вақтинча эканлиги, абадий эмаслигини билмаганман…
Хуллас, уста чақиришга тўғри келди. У антеннани кўздан кечириб, жойлашуви нотўғри эканини, йўналиши ва баландлиги муҳимлигини, рақамли телевизорлар мана шунақа инжиқ бўлишини тушунтирди. Бир пасда муаммони ҳал қилди.Телевизор тиниқ рангларда кўрсата бошлаганида менинг кўнглимда аламли бир ҳис туғилди: агар шу ишнинг илмини билганимда, бунча оворагарчилик бўлмас эди…
Шунда англадимки, илм инсонни азобдан қутқарувчи нур экан.Албатта, илм олиш осон иш эмас: ўқиш керак, сўраш керак, ўрганиш керак. Лекин бу қийинчиликлар ўтиб кетади. Билмаслик эса инсонни майда муаммолар олдида ҳам ожиз қилиб қўяди. Илмсизлик фақат катта ҳаётий масалаларда эмас, кундалик турмушда ҳам қийинчилик туғдирар экан.Энг ачинарлиси, инсонни бошқаларга қарам қилиб қўяр экан.
Хулоса қилиб айтганда, қай бир соҳа бўлмасин, керакли билимларга эга бўлиш инсонни ортиқча ташвишлардан асрайди. Агар у ҳар гал шундай майда ишларда ҳам бошқаларга муҳтож бўлиб қолаверса, бу азоб умр бўйи давом этаверади. Шунинг учун инсон ўз устида ишлаши,доимо билимини ошириб бориши лозим. Илмсизлик – азоб, илм эса роҳат ва осойишталик манбаидир. Бинобарин, донишмандлар: “Илм олиш азоби вақтинчалик, илмсизлик азоби умрбод”, деб бежиз айтишмаган.
Норбобо Шакаров, ЎзА