Японияга тарихий ташрифнинг биринчи куни самарали мулоқотларга бой бўлди

14

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбари 19 декабрь куни “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити доирасида  Япония Императори Нарухито, Парламент раҳбарияти, ҳукумат аъзолари ва етакчи компаниялар, молия институтлари ҳамда бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Президентимиз Японияга расмий ташрифини Император Нарухито билан учрашувдан бошлади.

Япония Императори давлатимиз раҳбарини самимий қутлар экан, Ўзбекистон Президентининг бу галги ташрифи Ўзбекистон – Япония дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз етакчиси Император Нарухитога чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдириб, Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик изҳор этди.

Ўзбек ва япон халқлари географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлишига қарамай, уларни менталитетлар, урф-одатлар ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги, шунингдек, илдизлари Буюк ипак йўли даврига бориб тақаладиган кўп асрлик тарихий алоқалар боғлаб тургани таъкидланди.

Икки томонлама ҳамкорлик, айниқса, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувлар соҳасида изчил кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунга қадар 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар Японияда амалиёт ўтади, 440 нафардан зиёди эса стипендия асосида олий маълумотга эга бўлди. Ўзбекистондаги 7 та университетда япон тили ўқитилмоқда.

Жорий ташриф доирасида Токиода Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Келгуси йили Япониянинг бир нечта шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазма ташкил этилиши режалаштирилган.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Император Нарухитога Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни таклиф қилди.

Япония Парламентининг Маслаҳатчилар палатаси президенти Масаказу Секигучи билан учрашувда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлар муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Маслаҳатчилар палатаси вакиллари жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150 йиллигига бағишланган сессияда фаол иштирок этдилар.

Ёшларнинг парламентга оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, Ўзбекистон – Япония ёшлар парламентлари аъзолари форумини ўтказиш ҳамда 2026 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Ёшлар парламентлари аъзолари глобал конференциясида Япония делегациясининг иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Парламентлар олий даражада эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, технологик ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиши муҳимлиги таъкидланди.

Япония Парламентининг Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага билан учрашувда Ўзбекистон – Япония стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Икки мамлакат парламент делегациялари ўртасидаги ўзаро ташриф ва учрашувлар фаол тус олгани катта мамнуният билан қайд этилди. Парламентларда дўстлик гуруҳлари фаол иш олиб бормоқда. Май ойида Токиода навбатдаги парламентлараро форум муваффақиятли ўтказилди.

Парламентларнинг қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Япония Либерал-демократик партияси вице-президенти, парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси ва шу билан бирга Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик лигаси раиси Таро Асо билан учрашувда Ўзбекистон – Япония стратегик ҳамкорлик муносабатларини, жумладан, парламентлараро йўналишда янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Дўстлик лигаси, айниқса, унинг раиси Таро Асо Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юксак баҳоланди.

Парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда парламентлардаги дўстлик гуруҳларининг ролини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида 2026 йилда навбатдаги Парламентлараро форумни Ўзбекистонда ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон билан дўстлик лигаси 2002 йилда ташкил этилган ва ҳозирги пайтда унинг аъзолари сони 40 нафардан ошган. Улар орасида Япониянинг таниқли сиёсат арбоблари, нуфузли депутат ва дипломатлари бор.

Япония иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсэй Аказава билан учрашувда Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари жадал ўсиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 10 баравар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошди.

Савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, муқобил энергетика, карбонсизлантириш, ўта муҳим хомашё каби кўплаб соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун вазирлар даражасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш муҳим экани таъкидланди.

Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) ва МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциациясининг (ROTOBO) фаол иштирокида ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастурига мувофиқ, ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари, молия институтлари ва бизнес уюшмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Рёсэй Аказава, “Sojitz”, “Sumitomo”, “Toyota”, “ITOCHU”, “Mitsubishi”, “Marubeni”, “Daito Trust Construction”, “NEC”, “SBI Holdings”, “Ajinomoto”, “Japan Tobacco”, “Hitachi”, “Mitsui”, “Balcom”, “NEC”, “Eurus Energy”, “Chubu Electric Power”, “Shikoku Electric”, “Shimizu”, “Hankyu Travel International”, Япония металл ва энергетика соҳасида хавфсизлик ташкилоти (JOGMEC), Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Япония экспорт ва инвестицияларни суғурталаш компанияси (NEXI), Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), Япония МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциацияси (ROTOBO), “Norinchukin” ва “SBI Shinsei” банклари, Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси каби йирик корпорациялар ва молия институтларининг топ-менежерлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, япон ишбилармонларининг бундай нуфузли таркиби томонларнинг бир-бирига бўлган юксак ишончи ва иқтисодий шерикликни янада ривожлантиришга доимий қизиқишидан далолат эканини билдирди.

Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги мазмун касб этди.

Япония компаниялари илгари асосан пудрат лойиҳаларида иштирок этган бўлса, бугунги кунда мамлакат иқтисодиётига фаол инвестиция киритиб, қўшма корхоналар яратмоқда, бошқарув, технологиялар трансфери ва миллий кадрларни тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган мазкур ўзгаришлар натижасида Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ва технологик шерикларидан бирига айланди.

Савдо-иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ижобий суръат кузатилмоқда: охирги саккиз йилда товар айирбошлаш 2 баравар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компанияларининг сони эса 10 карра ошди.

Энергетика, соғлиқни сақлаш, геология, ахборот технологиялари, инфратузилма ва бошқа устувор соҳаларда мустаҳкам кооперация ўрнатилди.

Учрашувда Президентимиз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, сўнгги 8 йил ичида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2 бараварга ошди. 2030 йилга қадар мамлакатни ўрта даражадан юқори даромадли давлатлар қаторига киритиш вазифаси қўйилган.

Давлатимиз раҳбари Япония ишбилармонларини саноатлашувни тезлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш жараёнларида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Шу маънода, Япония ишбилармон доиралари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Энергетик барқарорликни таъминлаш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбалари ва захиралаш тизимларини ривожлантириш, иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш шулар жумласидан.

Қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини шакллантирган ҳолда ўта муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, машинасозлик ва саноат ускуналарини ривожлантириш, замонавий юқори технологияли саноатлашган иқтисодиётни шакллантириш истиқболли йўналишлар қаторида қайд этилди.

Ахборот технологияларини ривожлантириш, жумладан, сунъий интеллект ва рақамлаштириш дастурларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим йўналиш ­– замонавий махсус иқтисодий зоналарни яратиб, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш орқали уларни юқори технологияли ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш ҳамда саноат кооперацияси марказларига айлантириш.

Мисол учун, JICA кўмагида Япония модели ва стандартлари асосида махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон Японияни нафақат инвестор, балки келажак саноатини барпо этишда ўзининг стратегик ҳамкори сифатида билишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Япония ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қатъий интилишини билдирди ҳамда устувор йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш борасидаги режаларини баён этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва вазир Рёсей Аказава иштирокида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлди.

Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси билан учрашувда мазкур етакчи молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда банк билан ҳамкорликдаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳаларнинг умумий портфели 5 миллиард доллардан ошган ҳамда нефть-кимё, энергетика, телекоммуникациялар, инфратузилма, енгил саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олган.

Энергетика, транспорт, АT инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишларда умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд янги лойиҳаларни сифатли тайёрлаш ҳамда бошланганларининг натижадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ижтимоий соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳамда хусусий секторни ривожлантиришга инвестицияларни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Нобумицу Хаяси шериклик натижаларини юқори баҳолади ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Токиога расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака билан музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашувда Япониянинг ушбу етакчи молия институти билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда стратегик шерикликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳалар доирасида маблағларни ўзлаштириш суръати сезиларли даражада ўсди.

Лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошди. Соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, саноат ва бошқа устувор соҳаларда яна 3 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда.

Ташриф доирасида иқтисодий зоналарни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги келишувлар имзоланди.

Япония томони қўшма Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази фаолиятини кўп йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани юқори баҳоланди.

Агентликнинг энергетика секторини ривожлантириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва камбағалликка қарши курашиш, илғор муҳандислик кадрларини тайёрлаш ҳамда “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” лойиҳаси кўламини оширишдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Япония инвесторлари учун махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳасини тез фурсатларда ишга туширишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари JICA билан 2030 йилга қадар Янги ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва уларнинг натижалари барқарор бўлишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари “Sojitz Corporation” раҳбарлари Масаёши Фудзимото ва Косуке Уэмурани қабул қилди. Япониянинг етакчи компанияси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Электр энергиясига бўлган талаб ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Сирдарё вилоятида буғ-газ электр станциясини барпо этиш лойиҳасини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Кўп тармоқли шифохона, Тошкентнинг янги халқаро аэропорти, шамол электр станциясини қуриш ва бошқа устувор лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тиббиёт клиникалари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини модернизация қилиш, трансчегаравий “яшил” энергия йўлагини барпо этиш, мамлакатимиз ҳудудларида газ компрессор станцияларини янгилаш, шунингдек, япон инвесторлари учун махсус иқтисодий зона яратишда корпорациянинг иштирок этиши бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Япониянинг “JOGMEC” ва “ITOCHU” ташкилотлари раҳбарлари Ичиро Такахара ва Джун Иномата билан учрашувда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва Япониянинг энг илғор технологияларини қўллаган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“JOGMEC” “ITOCHU Corporation” билан биргаликда Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги уран конларини ўзлаштиришда иштирок этаётгани юқори баҳоланди. Компанияларнинг мамлакатимиз ҳудудларидаги истиқболли конлардан қимматбаҳо металларни қазиб олиш режалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва “ITOCHU” корпорацияси машинасозлик, геология ва инфратузилма соҳаларида кўп йиллик ҳамкорлик тажрибасига эга. Японияга ўта муҳим минералларни экспорт қилиш бўйича узоқ муддатли келишувларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Сувни тозалаш, автомобилсозлик, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини модернизация қилиш ҳамда ижтимоий соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш каби ҳамкорликнинг янги йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токио шаҳридаги ишбилармонлик тадбирлари доирасида “Sumitomo Corporation” компанияси президенти Шинго Уэнони қабул қилди.

Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ҳамда энергетика ва саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Самарқанд вилоятида иккита қуёш электр станцияси ва энергия сақлаш тизимлари қурилиши бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Шундай лойиҳани шамол электр станциялари ва сақлаш қувватлари асосида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам тез фурсатларда амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Компаниянинг ўта юқори кучланишли кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тез тиббий ёрдам машиналари паркини модернизация қилишда иштирок этиш режалари келишилди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари корпорация билан 2030 йилгача мўлжалланган ҳамкорлик дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Токиога ташрифнинг биринчи куни якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Акасака саройида Япония Бош вазири номидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари шарафига ўтказилган расмий қабул маросимида иштирок этди.

Ўзбекистон етакчисини Япония Бош вазири Санаэ Такаичи кутиб олди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Давлатимиз раҳбарининг Япония ҳукумати раҳбари билан музокаралари ҳамда “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммити доирасидаги асосий тадбирлари 20 декабрь куни бўлиб ўтади.

ЎзА