«Халқобод деҳқон бозори» реконструкция қилинди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳаётий муаммоларига ечим топиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Кегейли туманида ҳам инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор чора-тадбирлар олиб борилиб, аҳолини қийнаб келган масалаларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
Кегейли туманидаги Халқобод шаҳарчасида «Халқобод деҳқон бозори»нинг очилиш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни яқинлашиб қолган «Янги йил» байрами, шунингдек, «Халқобод деҳқон бозори»нинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, бозор ҳудудида 5,2 млрд. сўм маблағ ҳисобидан реконструкция ишлари олиб борилди. Сотувчи ва харидорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ёпиқ савдо расталари, янги дўконлар барпо этилиб, деҳқон бозори замонавий қиёфага келтирилди. Бозор ҳудуди кенгайтирилиб, канализация тармоқлари тортилди ва атрофи ободонлаштирилди. Замонавий камералар ўрнатилиб, рақамлаштириш ишлари олиб борилди.

Очилиш маросими давомида меҳмонлар бозор ҳудудида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги