Халқимиз бободеҳконларнинг шукуҳли байрамини нишонлади

17

Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ҳар йили декабрь ойида юртимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда. Ҳар йилгидек бу йил ҳам Нукус шаҳридаги Отчопар майдонида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ва томошалари бўлиб ўтди.

Байрамнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи  Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан табриклади.

Республикамиз раҳбари ўз сўзида бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага янги техника ва инновацион технологияларни жорий этиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланишни оммалаштириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди.

Ўтказилган байрам тантанасида аграр соҳада самарали фаолият юритаётган бир қатор меҳнат илғорлари рағбатлантирилди.

Хусусан, «Энг илғор фермер хўжалиги» номинациясига «Ўркинбой» фермер хўжалиги раҳбари Айтбой Нугманов муносиб топилди ва Президентимиз совғаси Трактор топширилди. «Энг яхши боғбон» номинацияси бўйича «Озод интенсив боғ» фермер хўжалиги раҳбари Азат Машарипов кичик трактор, «Энг яхши чорвадор фермер» номинацияси бўйича «Дадабай Байрамкилич» фермер хўжалиги раҳбари Азамат Дадебаев мотороллерлар билан тақдирланди.

Бундан ташқари, «Энг яхши товуқ боқувчи,» «Энг яхши балиқчи» номинациялари ғолиблари гранулятор, «Энг яхши асаларичилар,» «Энг яхши пиллачи,» «Энг яхши механизатор,» «Энг яхши экспортёр,» «Энг яхши пахтакор,» «Энг яхши ғаллакор,» «Энг яхши комбайнчи»ларга совутгич, «Энг яхши қоракўлчилик хўжалиги,» «Энг яхши ирригатор,» «Энг яхши мелиоратор,» «Энг яхши ветеринар,» «Энг яхши ўсимликларни ҳимоя қилувчи лаборант»лар ҳар бири скутер, «Энг яхши иссиқхоначи,» «Энг яхши полизчи,» «Энг яхши сабзавотчи,» «Энг яхши картошкачи,» «Энг яхши томорқа эгаси» номинацияси ғолибларининг ҳар бирига мотокултиватор, «Энг яхши қишлоқ хўжалиги олими»га телевизор, «Энг яхши қишлоқ хўжалиги инноватори»га ноутбук топширилди.

Шундан сўнг байрам томошалари халқ ўйинлари ва миллий спорт ўйинлари билан давом этди.

Дастлаб байрам томошалари шаҳар ва туманлардан келган билаклари бақувват йигитлардан иборат жамоаларнинг арқон тортиш мусобақалари бошланди.

Қизиқарли ўтган мусобақада Чимбой тумани жамоаси биринчи, оқманғитликлар иккинчи, Мўйноқ туманининг жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.

Шундан сўнг қўчқор уриштириш мусобақасига навбат берилиб, халқимизнинг бу миллий ўйини ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Унда ҳар бир ғолиб қўчқорларнинг эгаларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Хусусан, биринчи ўринни эгаллаган қўчқор эгасига гибрид мотороллерлар, иккинчи ва учинчи ўринга электромотроллар, скутер ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.

Сўнгра байрам иштирокчиларининг эътибори қуръага қаратилиб, унда мусобақанинг саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган кучли полвонлар ғолиблик учун ўзаро беллашди. Таъкидлаш жоизки, энг оғир вазн тоифасида бош соврин учун Нукус туманидан келган полвон Зоҳириддин Зайтов ва Нукус шаҳри полвони Жалолиддин Бобожоновлар курашиб, унда озгина устунлик билан Зоҳириддин Зайтов ғалаба қозонди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи  Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев полвонга бош соврин – Президентимизнинг совғаси 40 млн. сўм мукофотни топширди.

Иккинчи ўрин эгаси Ж.Бабажанов 30 млн, учинчи ўрин эгаси С.Маткаримов 20 млн сўм ва унинг рақиби Р.Куданов совутгич билан тақдирланди.

+83 кг вазн тоифасида эса Б.Оринбасаров ва Д.Тўребоевлар совутгич билан тақдирланди. Бундан ташқари, 66, 73, 81 кг вазн тоифасидаги полвонлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.

Бундан сўнг бир, уч, беш, беш айлов (йўрға), етти, ўн айловга отлар юборилди. Унда республикамизнинг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар ташкилотчилар томонидан қўйилган қимматбаҳо совғалар учун мусобақалашди.

Жумладан, ўн айланага от чоптириш мусобақаси ҳаммада қизиқиш уйғотиб, улар чавандозларнинг ҳар бир айланишини диққат билан кузатиб борди. Ўта қизиқарли ўтган мусобақа якунида Мўйноқ туманидан келган чавандоз Сарсенғалий Таласовнинг оти пойгани биринчи бўлиб кесиб ўтди ва бош соврин ҳисобланган Президентимиз совғаси «Onix» автомашинасини ютиб олди.

Ва, иккинчи ўринни эгаллаган оқманғитлик Саламат чавандозга 50 млн, учинчи ўрин эгаси қонликўллик Абдуғаний полвонга 30 млн. сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар берилди.

Шунингдек, байрам томошасида ўтказилган 7 айлов бўйича 1-ўринга 30 млн. сўм, 2-ўринга 20 млн. сўм, 3-ўринга 15 млн. сўм, 5 айлов бўйича 1-ўринга 20 млн. сўм, 2-ўринга 15 млн. сўм, 3-ўринга 10 млн. сўм, 5 айловга йўрға пойгасида 1-ўринга 20 млн. сўм, 15 млн. сўм, 3-ўринга 10 млн. сўм, 3 айловга 1-ўринга 10 млн. сўм, 2-ўринга 5 млн. сўм, 3-ўринга чанг ютгич, 1 айлов той пойгасига 1-ўринга музлатгич, 2-ўринга телевизор, 3-ўринга чанг ютгич топширилди.

Шу билан бирга, байрамда қиз қувиш, танга олиш, улоқ-кўпкар мусобақалари ҳам ўтказилиб, уларнинг ғолибларининг ҳар бири қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Қувноқ ва ўта қизиқарли ўтган байрамда халқимизга деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазларимиз тайёрлаган турли таомлар тақдим этилди.

Санъат усталари ижросидаги концерт дастури эса байрам иштирокчиларига ўзгача завқ бағишлади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган байрам томошалари халқ сайли билан давом этди.

Хуллас бу йилги ўтказилган байрам тадбири халқимиз айтиб юрганидек ажойиб байрам бўлди.

Тантанали байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов иштирок этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги