Алгоритмлар эмас, биз масъулмиз

2

Мулоҳаза

Ҳозирда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. У нафақат мулоқот майдони, балки ахборот алмашинуви, бизнес юритиш, шахсий бренд яратиш ва ҳатто, ижтимоий фикрни шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Рақамли платформалар орқали миллионлаб инсонлар ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, ҳалол меҳнат эвазига иқтисодий барқарорликка эришмоқда. Бироқ ижтимоий тармоқларнинг ҳам кўпинча эътибордан четда қоладиган томонлари мавжуд…

Эндиликда, технология ривожи орқали контентлар нафақат смартфон ва камераларда, балки турли хил замонавий гаджетларни ҳам қамраб олган. Мисол учун, у қулоқчин, кўзойнак, соат ёки бошқа қурилмалар шаклида бўлиши мумкин. “Мета” ва “Рай-Бан” компаниялари томонидан ишлаб чиқилган камерали, ақлли кўзойнаклар бунга яққол мисолдир. Аслида бу технология саёҳатчилар, журналистлар ва контентмакерлар учун қулай ва инновацион восита ҳисобланади. У реал воқеаларни табиий ҳолатда тасвирга олиш, ижодий имкониятларни кенгайтириш учун хизмат қилиши керак. Аммо айрим ҳолларда ушбу технология жамият ахлоқий меъёрларига зид бўлган мақсадларда қўлланилмоқда.

Хусусан, жамоат жойларида саҳналаштирилган “олди-сотди”лар, кўп ҳолларда қарши томоннинг розилигисиз тасвирга олиш, ярим-яланғоч аёлларни кадрга тушириш, ҳақоратли ёки уятсиз изоҳлар билан тарқатиш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бундай контентлар на билим беради, на жамиятни ривожлантиради. Аксинча, уларни энг паст даражадаги инстинктлар ҳисобига обуначи ва кўришлар сонини оширишга қаратилган.

Албатта, савдо-сотиқ, реклама, маркетинг ёмон эмас. Агар у тўғри йўналтирилган бўлса, иқтисодий ўсиш ва бандликни таъминлайди. Аммо инсон шаъни ва ор-номуси ҳисобига “контент” қилишни оқлаб бўлмайди. Бу ерда гап шахсий дид ёки эркинлик ҳақида эмас, балки ижтимоий масъулият ҳақида кетмоқда.

Кўпинча “Кўрмаслик ҳам ўз қўлингизда”, “Ҳар кимнинг шахсий танлови бор” деган фикрлар илгари сурилади. Бироқ муаммо шундаки, ижтимоий тармоқларни фақат онгли, мустаҳкам дунёқарашга эга бўлган инсонлар эмас, балки ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланмаган ёшлар ва болалар ҳам томоша қилмоқда.

Миллатнинг келажаги унинг ёшларидир. Ёшлар онгига сингаётган ҳар бир тасвир, ҳар бир ғоя уларнинг дунёқарашини шакллантиради. Агар биз бугун ахлоқсизликни оммалаштирсак, эртага ундан маърифат кутиш қанчалик тўғри бўлади? Шу боис, ҳамма нарсани “ҳазм” қилиб кетавериш жамият учун энг хавфли ҳолатлардан биридир.

Бу ерда ҳамма масъулият фақат контент яратувчиларгагина юкланмайди. Томошабин, обуначи ва трендни кўтараётган омма ҳам бевосита жавобгардир. Чунки, талаб бор жойда таклиф пайдо бўлади. Икки оғиз беўхшов гап ёки беҳаё саҳна орқали машҳурликка эришаётганлар аслида бизнинг эътиборимиз, лайк ва кўришларимиз ҳисобига танилмоқда.

Яхшилик, илм, маърифат ва маданиятни тарғиб қилаётган инсонлар ҳар доим ҳам машҳур бўлавермайди. Аммо айнан улар жамиятни олдинга силжитади. Агар биз илмли, тарбияли, масъулиятли ғояларни кўпроқ қўллаб-қувватласак, алгоритмлар ҳам, майдон ҳам аста-секин ўзгаради.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар – бу қурол. У бунёд ҳам қилиш мумкин, вайрон ҳам. Тренд ва кўришлар сони вақтинчалик,  илм ва яхшилик эса абадий қадриятдир.

Дилдора Дўсматова, ЎзА