Бошқарув компаниялари томонидан кўрсатилаётган хизматлар талаб даражасидами?
Сенат ялпи мажлисида бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳолати муҳокама қилинди.
Аҳолига уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни тубдан яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш орқали унинг самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида соҳани тартибга солишга оид 50 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Бугунги кунда республикамизда 44 минг 280 кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, улардаги 1,5 миллиондан ортиқ хонадонга 971 бошқарув сервис компанияси ва 241 уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатмоқда.
Ялпи мажлисда сенаторлар уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни яхшилаш ҳамда коммунал хизматларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган ва ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, айрим бошқарув компаниялари томонидан мажбурий бадалларни белгилашда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонунга риоя қилмаслиги ҳамда кўрсатилаётган хизматлар ҳақида уй-жой мулкдорларига ўз вақтида ҳисобот бермаслиги мулкдорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйлар мулкдорларининг розилигисиз уй ертўласи ижарага берилиши, шунингдек, ижарага берилган умумий мол-мулкнинг ижараси тўғрисидаги маълумотлар “Mening uyim” биллинг тизимига бириктирилмагани ҳамда бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилмаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама якунида шу каби масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА