“Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низом ратификация қилинмоқда
Сенат ялпи мажлисида “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, иқтисодий ривожланиш, транспорт-коммуникация, инвестиция, энергетика, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.

Низомда “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида котибиятнинг вазифалари, механизмлари ва ҳамкорлик йўналишлари белгиланган. Хусусан, котибият шерик мамлакатлар ўртасида келишувларни мувофиқлаштириш, амалий лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва доимий мулоқот платформасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Низомнинг ратификацияси Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги иштирокини кучайтириб, ҳудудий иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий, транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш, янги коридорлар яратиш ва савдо айланмасини оширишга хизмат қилади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка оид ташаббусларини амалга ошириш, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги конструктив мулоқот ва амалий шерикликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА