Ўзбекистонликлар тобора кичикроқ уйлар сотиб олмоқда
Ўзбекистонда аҳоли томонидан сотиб олинаётган уй-жойлар йилдан йилга кичиклашиб бормоқда. Бу ҳолат уй-жой бозоридаги нархлар, ипотека шартлари ҳамда демографик ўсиш билан боғлиқ қатор омиллар таъсирида шаклланмоқда.
Бу ҳақда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан эълон қилинган уй-жой ва ипотека бозори таҳлилида маълум қилинди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йилга келиб мамлакатнинг бирорта ҳудудида сотиб олинган уй-жойларнинг ўртача майдони 40 квадрат метрга етмаган. Масалан, 2021 йилда Тошкент шаҳрида янги сотилган уйларнинг ўртача майдони 51 кв. метрни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 37 кв. метргача қисқарган.
Мамлакат бўйича энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида қайд этилган. Ушбу ҳудудда сўнгги 3 йил давомида сотилган хонадонларнинг ўртача майдони 30 квадрат метрдан паст шаклланмоқда. Мутахассислар бу ҳолатни аҳоли даромадлари, уй-жой нархлари ва ипотека юки билан боғламоқда.
Расмий маълумотларга кўра, уй-жойларнинг номинал нархлари 2020-2023 йилларда кескин ўсиб, 2024 йил II чорагида энг юқори нуқтага етган. Бироқ 2025 йил III чорагига келиб бирламчи бозорда нархлар 4,5 фоизга, иккиламчи бозорда эса 8,3 фоизга пасайган.
Айниқса, II чоракда нарх ўсиши кузатилган ҳудудларда кейинчалик жиддий тушиш қайд этилган. Хусусан, Жиззах вилоятида 8,7 фоиз, Сурхондарё вилоятида 8,3 фоиз, Навоий вилояти марказларида 6,5 фоиз пасайиш кузатилган.
Ипотека кредитлаш ҳажми 2020 йилдаги 9,1 трлн. сўмдан 2024 йилда 17,1 трлн. сўмга етиб, деярли икки баробар ошган. Натижада ипотеканинг ЯИМга нисбати 4,7 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжондан юқори.
Шу билан бирга, 2024 йилда республиканинг 5 та ҳудудида янги уйлар учун ажратилган ўртача ипотека кредити Тошкент шаҳри кўрсаткичидан юқори бўлган. Бироқ пойтахтда эски уй-жойлар учун олинган ипотека қарзлари ўртача 614 млн. сўмни ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори бўлиб қолмоқда.
Расмий манбаларга кўра, 2017-2024 йиллар оралиғида мамлакатдаги умумий турар жой фонди 28 фоизга кенгайиб, 7,6 миллионта турар жой бирлигига етган. 2020–2024 йилларда 351 мингдан ортиқ квартира фойдаланишга топширилиб, йиллик қурилиш ҳажми 100 минг донага етган.
Шунга қарамасдан, таклиф демографик ўсишдан ортда қолмоқда. Ҳозирда мамлакатда 900 мингдан ортиқ уй-жой тақчиллиги мавжуд. Прогнозларга кўра, 2030 йилгача камида 1,5 миллионта, яъни йилига 250–300 мингта янги квартира қурилиши талаб этилади.
Мутахассислар фикрича, уй-жойларнинг кичиклашиб бориши аҳолининг харид қобилияти, ипотека шартлари ва нархлар босими билан боғлиқ. Агар уй-жой қурилиши суръатлари демографик ўсишга мос равишда оширилмаса, келгусида ҳам кичик метражли уйларга талаб устун бўлиб қолиши мумкин. Бу эса давлатдан уй-жой сиёсати, ипотека механизмлари ва ижтимоий уй-жой дастурларини янада такомиллаштиришни талаб этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА