Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича янги Стратегия тасдиқланди

Ўзбекистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича Стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг изчил ва самарали ижросини таъминлашга қаратилган.
Стратегиянинг асосий мақсади — болаларнинг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган барқарор ҳамда самарали ҳимоя тизимини яратиш.
Стратегиянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Қонун қабул қилинганидан сўнг мамлакат Богота чақирувига қўшилди ва Pathfinding халқаро альянси аъзосига айланди. Бу эса болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз позицияни англатади.
Стратегия зўравонликнинг барча шаклларини қамраб олган бўлиб, INSPIRE халқаро ёндашувлари, илғор жаҳон тажрибаси ва энг яхши амалиётларга асосланган. Ҳужжатда зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, тезкор жавоб чораларини кўриш, профилактика ва мониторингни ўз ичига олган тўлиқ механизм назарда тутилган.
Стратегияда оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Зўравонлик сабабли оиласидан ажратилган болалар учун оилавий муҳитга яқин шарт-шароитда ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилган.
Шунингдек, “Меҳрли оила” хизмати, профессионал қабул қилувчи (foster) оила институти, кам сонли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари жорий этилади.
Болаларни ҳимоя қилиш масаласи таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа идораларнинг умумий масъулияти сифатида қаралади. Бу жараёнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
Стратегия доирасида жиноят, жиноят-процессуал ва маъмурий қонунчиликка комплекс ўзгартишлар киритилади.
Асосий янгиликлар, зўравонлик қурбони ёки гувоҳи бўлган болаларга бепул юридик ёрдам, тергов ва суд жараёнларида ижтимоий ходим иштирокини таъминлаш, боланинг кўрсатмаларини мажбурий видеоёзувга олиш, бола ва зўравон ўртасидаги юзлаштиришни чеклаш кўзда тутилган.
Республика ўқув-тарбия муассасалари ўрнида ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилмоқда. Бундай болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш учун йўналтирилиши мумкин бўлган таълим муассасалари сони 258 тага етказилади.
Барча таълим муассасаларида “хавфсиз мактаб” концепцияси жорий этилади, буллинг ва рақамли зўравонликка қарши чоралар кучайтирилади.
Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини яширган ёки хабар бермаган масъул ходимлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф этилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА