«Panamilk» тажрибаси: маҳаллий ишлаб чиқаришдан халқаро стандартларгача

Маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг билим ва тажрибасини ошириш мақсадида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳрида фаолият юритиб, ўзининг сифатли сут маҳсулотлари билан истеъмолчилар ишончини қозониб келаётган «Panamilk» компаниясига бизнес-ташриф ташкил этилди.
Ташриф давомида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар сут маҳсулотларини қайта ишлаш, замонавий технологиялар асосида қадоқлаш жараёнлари билан яқиндан танишди. У ерда компания фаолияти, сифат назорати ва ишлаб чиқаришга халқаро стандартларни жорий этиш бўйича «Panamilk» компанияси раҳбари томонидан атрофлича маълумотлар берилди.
Шундан сўнг «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» лойиҳаси доирасида «Panamilk» компанияси раҳбари, ёш тадбиркор Тимур Панаев соҳага қизиқувчилар учун семинар-тренинг ўтказиб, ўзининг билим ва тўплаган амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Семинар давомида Т.Панаев маҳаллий маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва «Made in Uzbekistan» брендини халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасидаги мақсадларига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш ва экспорт ҳажмини ошириш асосий мақсадимдир. «Made in Uzbekistan» брендининг халқаро нуфузини ошириш учун барча имкониятларни ишга соламан. Бу йўлда рақобатдан қўрқмайман. Ўрганаман, шу соҳага кириб иш бошламоқчи бўлган ҳар бир тадбиркорга ёрдам беришга тайёрман, – дейди ёш тадбиркор Т.Панаев.

– Ушбу бизнес-ташриф ва семинар-тренинг тадбиркорлар учун амалий билим, янги тажриба ва илҳом манбаи бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ва рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлди, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи Клара Худайбергенова.
Тадбиркорлар бу борадаги ишларни йўлга қўйиш, ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги